Ўзбекистон ва Германия президентлари музокаралари якунида имзоланган ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистонда «Volkswagen» компанияси билан ҳамкорликда тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши маълум бўлганди.
Kun.uz'нинг «Ўзавтосаноат»даги манбаси маълумотига кўра, Volkswagen Caddy, Volkwagen Crafter, Volkswagen Tiguan ҳамда Skoda Octavia русумли машиналар Ўзбекистонда ишлаб чиқариш учун танлаб олинган.
«22 май куни ўтказилган музокаралар якуни бўйича Volkswagen компания билан ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган авто моделлар танлаб олинди. Унга мувофиқ, Caddy 5 авлод русуми (7 ўринли йўловчи ташиш учун қулай микроавтобус ва минивэн) ва Crafter (5 тоннагача юк ортиш мумкин бўлган фургон ва 18 ўринли автомобиль), C класс Skoda Octavia ҳамда Tiguan ишлаб чиқарилиши дастлабки режага киритилди», — дейилади манба ахборотида.

«Ўзавтосаноат» АЖ ушбу масалада маълумотларни ошкор этмаслик бўйича келишув имзолангани туфайли, расмий маълумот вақтинча берилмаслигини таъкидлади.
«Завод Самарқандда қурилади»
2017 йили Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ариповнинг Германияга расмий ташрифи доирасида «Ўзавтосаноат» ва Volkswagen AG концерни ўртасида JV MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонасида Volkswagen Amarok пикапларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масаласи кўрилганди. Лойиҳа 2018-2019 йилларда амалга оширилиши режалаштирилганди.

JV MAN Auto-Uzbekistan Марказий Осиёдаги MAN русумидаги юк ва йўловчи ташишга ихтисослашган транспорт воситалари ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланади. 2009 йилнинг август ойида ташкил этилган компания Самарқанд вилоятида жойлашган. Айни пайтда Ўзбекистон — Германия қўшма корхонаси ҳозирда 15 тоннадан 50 тоннагача юк кўтариш қувватига эга замонавий MAN тижорат автотранспорт воситаларини ишлаб чиқармоқда. Аммо Volkswagen билан эришилган келишув охирги икки йилда қайта эсланмади.








