Жаҳон | 01:22 / 02.08.2019
10060
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Хитойга янги бож тўловларини киритиш билан таҳдид қилди

Фото: Reuters

АҚШ жорий йилнинг 1 сентябридан Хитойдан келтирилувчи товарларга қўшимча 10 фоизлик бож тўловини киритишни режалаштирмоқда. Бу чора Хитойдан келтириладиган 300 млрд долларлик товарларга тааллуқли бўлади. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп Twitter’да маълум қилди.  

Трамп Пекин Вашингтонга АҚШнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш ҳажмини оширишга ваъда бергани, бироқ буни амалга оширмаганини эслатиб ўтган. Трамп савдо музокаралари давом этаётгани ва АҚШ “Хитой билан кенг қамровли савдо битими тузилиши бўйича ижобий мулоқотни” кутаётганини таъкидлаб ўтган.  

Хитой АҚШдан сотиб оладиган соя ва маккажўхори каби маҳсулотларнинг йирик импортчиси ҳисобланади. Бироқ 2018 йилда АҚШ билан савдо қарама-қаршилиги бошланиши билан Хитой АҚШдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиб кирилишига бож тўловларини оширди ва харид ҳажмини камайтирди.

АҚШ-Хитой муносабатлари 2019 йил май ойида муваффақиятсиз якунланган савдо музокараларидан сўнг кескинлашди. Ўшанда икки давлат бир-бирига нисбатан ўзаро бож тўловлари киритган: АҚШ Хитойнинг 200 млрд долларлик товарларига 25 фоизлик, Хитой эса АҚШнинг 60 млрд долларлик товарларига божлар киритган. Шу билан бирга Трамп ўз маъмуриятига Хитойнинг қолган импортига, шу жумладан 300 млрд долларлик товарларига бож тўловларини оширишни ўрганиб чиқиш вазифасини топширган.

Мавзуга оид