Бугунги кунда «снос» масаласи республикамиздаги энг долзарб мавзулардан бири бўлиб турибди. Бузилган турар жойлар ва тадбиркорлик объектлари учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан компенсация пули тўланмаётганлиги ва белгиланган тегишли тартибларга амал қилинмаётганлиги фуқаролар, тадбиркорларда норозилик кайфиятини уйғотмоқда.

Бундай норозиликлар Хоразм, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида айниқса кескин норозилик келтириб чиқарди. Ҳаттоки масалага президент Ш.Мирзиёев аралашиб, вилоят ҳокимларига қаттиқ танбеҳ ҳам берди.

Бироқ президент тилга олмаган бошқа ҳудудларда ҳам «снос» можароси аввалгидек давом этмоқда ва масалага ҳуқуқий ечим топилмаяпти.

Хусусан, Конимех туманида тадбиркорларнинг дўконлари ва фуқароларнинг уйлари «Обод марказ» дастури амалга оширилиши туфайли бузилмоқда. Тадбиркорлар вилоят ва туман ҳокимликларидан компенсация пули талаб қилмоқда.

Бу ҳақида тадбиркорларнинг мурожаати асосида Kun.uz сайтида жорий йилнинг 17 июль куни «Конимех марказида объектлар бузилмоқда. Вилоят ҳокими тадбиркорларга зарарни тўлашдан бош тортмоқда» сарлавҳаси билан мақола эълон қилинган эди.

Биз билан суҳбатда тадбиркорлар туман марказидаги бозор, унинг атрофидаги дўконлари Навоий вилояти ва Конимех тумани ҳокимлари буйруқлари билан бузилаётгани, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари очиқчасига поймол қилинаётгани, бузилаётган дўконлар эвазига компенсация пули берилмаётганидан шикоят қилишган эди.

Аммо Навоий вилояти ва Конимех тумани ҳокимликлари бу борада жиддий чораларни кўрмаяпти. Мулклари бузилаётган тадбиркорлар нима қилишни билмай боши қотган. Улар ҳар куни ёрдам сўраб таҳририятимизга мурожаат қилишмоқда.