Бугун, 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва улардан самарали фойдаланиш, инвестицияларни, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Давлатимиз раҳбари бу масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, доимий муҳокама қилиб бормоқда. Ушбу соҳаларга доир ҳужжатлар қабул қилиниб, зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 декабрдаги “Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизими яратилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Экспортни рағбатлантириш агентлиги ташкил этилди. Шунингдек, 205 номдаги товарларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш йўлга қўйилди. Бундай реал, амалий чора-тадбирлар албатта ўз натижасини бермоқда. Экспорт билан шуғулланадиган субъектлар сафига 2 мингта янги корхона қўшилди, экспорт географияси 42 та давлатга кенгайди, 59 турдаги маҳсулот биринчи марта экспортга йўналтирилди. Жорий йилнинг етти ойида товарлар ва хизматлар экспорти 7 миллиард 331 миллион долларни ташкил этган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоиз кўпдир”, дейилади хабарда.. 

Йиғилишда “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ҳамда Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида экспортни кўпайтириш бўйича мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Мутасадди раҳбарлар экспортёрларнинг муаммолари билан тизимли шуғулланмаётгани, давлат томонидан яратилган имкониятларни тадбиркорларга етказиб, уларнинг ташқи бозорга чиқишига кўмаклашмаётгани танқид қилинди. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири бошчилигида ташкил этилган Ҳудудлар ва тармоқларнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича Республика комиссияси корхоналар вакиллари ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиб, уларни экспорт фаолиятига жалб этиши, бу борадаги муаммоларини ҳал этиш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва сертификациядан ўтказиш бўйича ёрдам бериши зарурлиги таъкидланди. 

– Экспорт имкониятларимиз кўп. Хусусан, пахта толаси ва мева-сабзавотни қайта ишлаб, экспортбоп маҳсулотлар чиқариш мамлакатимизнинг ривожланиш нуқталаридан бири бўлиши керак. Шу орқали экспортни кўпайтирамиз ва янги иш ўринларига эга бўламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.