Вазирлар Маҳкамасининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат қайд этилишича, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича давлат органлари ходимларини ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали механизмлари ва тартиботларини шакллантириш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари учун БМТнинг устав ва шартномавий органларига инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий маърузаларини, шунингдек, муқобил маърузаларни тайёрлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмалар сўровларига жавоблар юбориш юзасидан ўқув курсларини ўтказиш юкланган.
Қарор билан қуйидагилар:
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари тўғрисидаги низом;
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курсларида Малака оширганлик тўғрисидаги сертификат намунаси тасдиқланди.
Қуйидагилар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курсларининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги давлат сиёсатининг мақсад ва вазифалари, инсон ҳуқуқлари халқаро стандартларини қонун ҳужжатларига ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш усуллари ва воситалари тўғрисида аниқ тушунчани шакллантириш;
илғор халқаро ва хорижий тажрибани ўрганиш асосида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг бажарилишини ташкил этиш тартиботларини ўрганиш;
ўқув курслари тингловчиларида ўз фаолиятида халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларини татбиқ этишнинг ҳуқуқий ва ташкилий механизмларини такомиллаштириш масалалари бўйича таҳлилий кўникмаларни шакллантириш;
давлат бошқарувининг алоҳида секторларида вазиятни тизимли назорат қилиш ва мониторинг олиб бориш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг тегишли соҳасидаги тараққиётдан далолат қилувчи миқдор ва сифат кўрсаткичлари (индикаторлари)ни аниқлаш кўникмаларини ўргатиш;
инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича самарали ахборот-маърифий ва таълим фаолиятини амалга ошириш кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаларини бажариш соҳасида самарали халқаро ҳамкорликни ташкил қилиш;















