Кеча, 19 август куни Жондор туманидан ўтувчи “А-380” автомобиль йўлининг 368-километрида ҳаракатланиб бораётган, Тожикистон Республикаси фуқаросига тегишли “Мерс-Спиринтер” русумли микроавтобус ағдарилиб, йўл транспорт ҳодисаси рўй бергани ҳақида хабар берилганди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Бухоро ёшлари” нашрига асосан хабар беришича, ҳодисага микроавтобуснинг орқа ўнг шинаси ёрилиб кетиши сабаб қилиб кўрсатилган. Автобус салонида 2 нафар ҳайдовчи ҳамда 16 нафар йўловчи бўлган. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Бугунги аниқ тафсилотларга кўра, йўл транспорт ҳодисаси кеча соат 14:55да содир бўлган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига хабар етказилгач, соат 15:00да 8 та тез ёрдам машинаси йўлга чиққан. Жондор туманидан ўтувчи “А-380” автомобиль йўлида носозлик борлиги сабаб автоҳалокат содир бўлган 60 километр узоқликдаги масофага тез ёрдам машинаси соат 15:30да етиб борган. 

Автобусда бўлган 18 кишининг 8 нафари енгил ва 1 нафари ўта оғир жароҳат олган. Йўл транспорт ҳодисаси натижасида турли даражада жароҳатланган 9 нафар фуқаро Ромитан тумани Газли шаҳарчасидаги тиббиёт бўлимига олиб борилган ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, барча беморлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб келинган. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Ўта оғир жароҳат олган З.Л.Г. 1990 йилда Тожикистон Республикасида туғилган. Оғир кома ҳолатда ётган беморга мия шикастланиши, ёпиқ орқа мия жароҳати, сервикал вертебранинг С2 тананинг ёпиқ трансдентал синиши, юмшоқ тўқималар ва тананинг бош териси, шунингдек, оёқ-қўлларнинг ёрилиши ташхиси қўйилган. Кўрик давомида беморда ўпка сил касаллиги ташхисининг ҳам кўрингани унинг ўта оғир шароитларда меҳнат қилганини ҳам англатади. Айни пайтда бу бемор устида тиббий муолажалар олиб борилмоқда.