2019 йил 19 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар - Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг собиқ раҳбари Равшан Ибрагимов ва агентликнинг собиқ раҳбари ва собиқ раҳбарнинг собиқ ўринбосари Улуғбек Назаров, шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш масалалари департаменти Чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлганларни топиш ва рўйхатга олиш бўлимининг собиқ бошлиғи Алижон Абдуллаев ва Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Жўнаб кетишдан олдинги мослаштириш ва ўқитиш марказининг собиқ директори Озод Махсудовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Азиз Обидовнинг Kun.uz’га хабар беришича, мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Ориф Қиличев раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари Х. Рихсиева ва Г. Қосимовадан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.

Суд ҳукмига кўра, Равшан Ибрагимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди, 28,211-моддаси 3-қисми «а», «б» бандлари ва 278-2-моддаси 2-қисми «в», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан узил-кесил ўташ учун 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Равшан Ибрагимов
Фото: Kun.uz

Улуғбек Назаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а», «б» бандлари, 278-2-моддаси 2-қисми «в», «г» бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан узил-кесил ўташ учун 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.