Ўзбекистон | 15:00 / 23.08.2019
27188
4 дақиқада ўқилади

Бош прокурор ўринбосари: «Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашнинг аҳволи фақатгина Transparency International’нинг фикри билан ўлчанмайди»

Ўзбекистон ҳукумати Сенатнинг 21-ялпи мажлисида Олий Мажлисга ҳисобот берди. Ҳисоботни қабул қилган сенаторлар Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошевга мамлакатнинг коррупция бўйича халқаро рейтинглардаги ўрни масаласи юзасидан савол билан юзланди.

Саволга жавоб берган Эркин Йўлдошев, 2018 йил якунларига кўра Ўзбекистон «Transparency International» халқаро ташкилотининг коррупция бўйича рейтингида 158-ўринни эгаллаганини тан олгани ҳолда, мамлакатда коррупцияга қарши курашнинг аҳволи фақатгина бу ташкилотнинг фикри билан чегараланиб қолмаслигини қайд этиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Бош прокурор ўринбосари ўз сўзига далил сифатида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт халқаро ташкилотининг эътирофини келтирган. Йўлдошевга кўра, бу халқаро ташкилот шу йил бошида Ўзбекистонда махсус мониторинг ўтказган ва мамлакатда коррупцияга қарши кураш бўйича «жиддий силжиш» кузатилган, деб хулоса берган.

«Transparency International деган халқаро нодавлат ташкилот бор. Ўтган йил якунлари бўйича ўша ташкилотнинг индекси бўйича Ўзбекистон Республикаси 158-ўринни эгаллагани тўғри. Бу рейтингнинг ҳам халқаро майдондаги имижимизга таъсири борлиги – факт.

Сўнгги икки йилда ислоҳотларни бутун дунё кўриб турибди, қувватлаяпти. Бу ислоҳотларнинг самараси истасак-истамасак коррупцияга қарши кураш билан боғлиқ ҳолда ўлчанади.

Шунинг учун ҳам, давлатимиз раҳбари республикада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчасида уларга халақит қилиши мумкин бўлган коррупцион омилларни бартараф қилинглар, томири билан йўқотинглар, деган вазифани қўйганлар. Президентимиз имзолаган «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонуни, Коррупцияга қарши кураш дастури, ҳукуматимизнинг Истанбул ҳаракатлар режаси билан боғлиқ ишлаб чиққан йўл хариталаридан мақсад ҳам шу.

Шу нуқтайи назардан Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашнинг аҳволи фақатгина Transparency International’нинг фикри билан чегараланиб қолмайди. Бошқа рейтинглар ҳам кўп. Энг асосийси, бизни қизиқтираётгани, биз учун муҳим бўлгани – коррупцияга муросасиз муҳит шаклландими, шаклланяптими, ижобий ўзгариш бўляптими, деган саволга жавоб топиш.

Коррупция билан профессионал шуғулланувчи Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт халқаро ташкилоти бор. Шу ташкилот шу йил бошида Ўзбекистонга келиб, махсус мониторинг ўтказди ва ўзининг ҳисоботида: «Ўзбекистонда коррупцион факторларни бартараф қилишда жиддий силжиш бор», деган эътирофни айтди.

Бу эътирофни шу ташкилотнинг раҳбари Парижда бўлган 24-кенгайтирилган йиғилишда ҳам алоҳида таъкидладики, Ўзбекистонда русча айтганда жиддий «прорыв», жиддий силжиш бўляпти, деб бизнинг мамлакатимизни қатнашаётган давлатлар ичида алоҳида таъкидлаб қўйди.

Улар ўтган йили 21та мана шундай рейтингга тушадиган тавсиялар берган бўлса, бу тавсияларнинг барчаси бажарилгани қайд этилди. Шу билан биргаликда, яна 47та янги тавсия берилди – улар бажариляпти.

Халқаро баҳолар, рейтинглар муҳим, лекин энг асосийси – президентимизнинг сўнгги фармонлари билан, коррупцияга қарши кураш бугунги кунда чинакамига давлатнинг сиёсати даражасига кўтарилиб турибди», – деб таъкидлади Йўлдошев.

Мавзуга оид