Ўзбекистон | 18:04 / 24.08.2019
23141
2 дақиқада ўқилади

Азиз Абдуҳакимов энди фақат таълим-тарбия, туризм ва спорт масалалари билан шуғулланади

Азиз Абдуҳакимов/Фото: KUN.UZ

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бундан кейин фақат таълим-тарбия, туризм ва спорт масалалари билан шуғулланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

«А.Ариповга таълим тизими самарадорлиги ва иш унумдорлигини ошириш учун А.Абдуҳакимовдан соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва бошқа йўналишларга раҳбарлик қилишни чиқариш керак. У бундан кейин фақат таълим-тарбия, туризм ва спорт масалалари билан пухта шуғулланиши лозим», - дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 1974 йилда туғилган. 2014 йил ёзидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини бошқарган. Аввалроқ Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимида фаолият олиб борган. 2017 йилнинг август ойида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимини эгаллаган, 2018 йил май ойида бош вазир ўринбосари этиб тайинланган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид