10 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбар ходимлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Вазир ўринбосари Сарвар Бузрукхонов стипендиянинг қатъийлаштирилган қиймати ва унинг жорий этилишини қуйидагича изоҳлади:

«Янги жорий қилинган стипендияли ва стипендиясиз ўқиш тизими кеч эълон қилинди. Шунга қарамай, жорий йил сентябрь ойидан бу тизм тўлиқ ишга тушади. Жойларда муаммо бўлмаслиги керак. Қатъийлаштирилган 400 минг сўмлик стипендия давлат бюджети асосида ўқийдиганлар учун ҳам, контрактда ўқийдиганлар учун ҳам жорий этилади».

Шунингдек, у олий таълим муассасасида таълим олаётган талабалар қўшимча рағбатлантирилиши, бу давлат бюджети ва ОТМ махсус фондидан амалга оширилишини таъкидлади.

Унга кўра давлат грантида ўқийдиган талабалар семестрни «4» ва «5» баҳога ўзлаштирса, давлат бюджети ҳисобидан 50 фоизгача рағбатлантирувчи маблағ ажратилади.

Контракт асосида ўқийдиган талабалар «4» ва «5» баҳоларга ўзлаштирган тақдирда эса уларга Олий таълим муассассида ташкил этиладиган фонд ҳисобидан 50 фоизгача миқдорида рағбатлантирувчи маблағ ажратилади.

«Ўзлаштириши яхши бўлган, илмий ва жамоатчилик ишларида фаол бўлган талабаларга стипендиянинг 50 фоизигача (200 минг сўмгача) миқдорда қўшимча рағбатлантириш берилиши мумкин. Бундай қўшимча стипендияни кимга беришни ректорлар ҳал қилади. Бундай рағбатлантириш маблағлари грантда ўқийдиганлар учун давлат бюджетидан, контрактда ўқийдиганлар учун эса ОТМларнинг ҳар бирида ташкил этиладиган фонд ҳисобидан ажратилади», деган вазир ўринбосари.

Бу тизим 1, 2 ва 3-курс талабаларининг барчаси учун ишлайди. Битирувчи курс талабалари эски стипендия тизимида (яъни улар учун аввалгидек «3», «4» ва «5»лик стипендия тартиби) ўқишни давом эттиради. Битирувчи курслардаги табақалаштирилган стипендия тўлови сақлаб қолиниши фақат давлат гранти асосида ўқувчи талабалар учун амалда бўлади.

Шунингдек, қатъийлаштирилган стипендия фақат биринчи курс магистрлар учун амал қилади. Магистратура таълимидаги барча битирувчилар эски тизим (ўзлаштиришига қараб) асосида стипендия олишда давом этади. Стипендияли ва стипендиясиз ўқиш тизими оширилган контракт асосида ўқийдиганлар учун ҳам жорий қилинади.

Президент стипендияси ва бошқа номдор стипендияларни олган талаблар учун стипендия миқдори сақлаб қолинади. Ногиронлар, кам таъминланган оила фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган талабалар учун ҳам ОТМ фондидан стипендия қоплаб берилади.