Kun.uz таҳириятига Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги «Отчопар» маҳалласидан мурожаат йўлланди.
«Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳалламизда ободликдан асар ҳам йўқ. Ҳамма ишлар чала ва расво. Энди ёмғир ёғса яна фарзандларимиз шундай лой кўчаларда мактабга қатнайдими? Бизга шу масалада ёрдам беринг», — дейилади мурожаатда.
Ушбу мурожаатни жойида ўрганиб, мавжуд муаммоларни кўздан кечирдик.

Таъкидлаш жоизки, бу маҳалладаги ҳолат шу йилнинг апрель ойида ҳам ўрганилган эди ва Kun.uz сайтида «Лой кўчалар ва хавфли симёғочлар. Қаршидаги маҳалланинг муаммоларига ечим борми?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
«Маҳалламиздаги Мустақиллик кўчасининг 5–22 кварталлари орасидаги йўллар ботқоққа айланди. Фарзандларимиз узоқдаги мактабга бориб келишга қийналишмоқда. Сабаби, бу ерда мактаб ҳам, боғча ҳам йўқ. 3–4 километр наридаги мактабга қатнашга мажбур. Ўзимиз юришга қийналаётган бундай ботқоқ йўлда фарзандларимиз қандай юрсин? Яна бир муаммомиз бу электр энергиясидир. Симёғочлар талабга жавоб бермайди. Шу ердаги аҳоли пул йиғиб, қўлбола қилиб ўрнатганмиз», — дея ўз эътирозларини айтганди Бекзод Сатторов.
Ўрганишлар давомида йўллар ҳолати ҳақиқатан ҳам ачинарли эканига гувоҳ бўлгандик, сув ва лойга айланган йўллардан мактабга қатнайдиган болалар аҳволини ҳис қилгандик.


Шунингдек, симёғочлар жуда паст жойлашгани ва аҳоли учун хавф туғдирадиган даражадалиги, бу симёғочларни аҳоли ўз маблағлари ҳисобига қўлбола қилиб ўрнатиб олгани маълум бўлган эди.

Қизиғи, маҳалланинг ушбу қисмидаги аҳоли хонадонлари ва кўчалар устидан юқори кучланишли электр энергияси тармоғи ўтган. Бу умуман мумкин бўлмаган ҳолат. Юқори кучланишли электр энергияси тармоғи сабабли аҳоли доимо хавфда яшашга мажбур. Аҳолига қандай тартибда, қандай ҳолатда бундай тарзда уй қуришга рухсат берилгани, ер ажратилгани тушунарсиз ҳолат. Хавфсизлик талаблари умуман ҳисобга олинмаган.










