Ўзбекистон | 09:34 / 17.09.2019
109105
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори билан меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткаси тасдиқланди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг асоси этиб қабул қилинди ва Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткаси тасдиқланди.

Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш асоси сифатида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасидан фойдаланувчи ташкилотлар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб, қўлланилаётган тариф коеффициентлари ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида” 2018 йил 13 октябрдаги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқиладиган давлат бошқаруви органлари, бюджет ва давлат ташкилотларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш концепцияси лойиҳасида қуйидагиларни назарда тутади:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ходимлари меҳнатига тўланадиган ҳақ миқдорини ва уларни моддий рағбатлантиришнинг бошқа турларини аниқлашга ягона услубий ёндашувни;

айрим вазирлик ва идоралар учун тариф ставкаларига ошиб борувчи коеффициентлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича гуруҳлари белгиланиши натижасида вазирликлар ва идоралар, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари ўртасида меҳнатга ҳақ тўлашда айни вақтда мавжуд бўлган табақалашувни бекор қилишни;

моддий рағбатлантириш миқдорларининг ходим фаолияти самарадорлигининг муҳим кўрсаткичларига, унинг билим ва кўникмаларига, бажарадиган меҳнат функцияларининг мураккаблиги ва жавобгарлиги даражасига бевосита боғлиқлигини белгилашни.

Мавзуга оид