Ҳеч кими йўқ, кўзлари хира кўрадиган ёш йигитнинг Тошкент вилояти ва пойтахтимиз ҳудудида 10 йилдан бери ота-онасиз, уй-жойсиз қандай кун кечириб юрганини тасаввур эта оласизми? Кўпчилик ишонмаслиги мумкин, лекин шундай сабр-бардошли, иродали йигит бор.

У йиллар давомида муқим ишсиз, паноҳсиз сарсон-саргардонлик азобларидан куч орттириб, бир кун ҳаммаси ортда қолишига ишониб, қонуний ҳақ-ҳуқуқи учун идорама-идора югуриб юрибди. Менга ҳам ёрдам сўраб мурожаат қилди.

«Қаерга борсам, қувиб солишади, ахир мен дайди ит эмасман», дейди у алам билан.

Антон Ивушкин, унга расмийлаштирилган ҳужжатларга кўра, 1992 йил Янгийўл шаҳрида туғилган. 1997 йилда Янгийўл шаҳар ҳокимининг қарорига кўра шу ҳудуддаги Меҳрибонлик уйига жойлаштирилган, 1998-2004 йилларда Ангрен шаҳридаги Меҳрибонлик уйида тарбияланган, кўриш қобилияти ёмонлашгач Олмалиқ шаҳридаги махсус мактаб-интернатига ўтказилган, 2007 йилда Олмалиқ шаҳридаги коллежда, 2008 йилда Бўстонлиқ туманидаги коллежда ўқиб, у ерни 2010 йилда тамомлаган.

Антон шундан бери ҳокимиятлардан турар жой сўраш, мутасадди ташкилотларга мурожаат йўллаш билан овора. Янгийўл ва Олмалиқ шаҳар ҳокимлари йиллар мобайнида бир масалага аниқлик кирита олмаётган экан: Антонга ким уй бериши керак?..

Қонунда, меъёрий ҳужжатларда нима дейилган?

«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасига мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўзлари илгари яшаган турар жой майдонига эга бўлиш ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой олиш ҳуқуқига эга.

Турар жой бериш ким томонидан қандай амалга оширилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги 164-сон Қарори билан тасдиқланган «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тартиби» тўғрисидаги  низомнинг тўртинчи бобида турар жойлар бериш тартиби аниқ кўрсатиб қўйилган.

Унга кўра, турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобга қўйилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жойлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорлари асосида навбатдан ташқари берилиши зарур.

Турар жой бериш тўғрисидаги қарор асосида туман (шаҳар) ҳокимлиги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга белгиланган намунадаги ордер беради, у берилган турар жойга кўчиб кириш учун асос ҳисобланади.