Ўзбекистон | 12:34 / 19.09.2019
54460
3 дақиқада ўқилади

Солиқ қўмитаси раисининг «Ҳукумат соати»даги чиқиши танқид остига олинди

Беҳзод Мусаев / Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўтказилган “Ҳукумат соати”да Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев янги солиқ концепциясининг жорий қилингани муносабати билан белгиланган солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш вазифалари бўйича амалга оширилаётган ишлари тўғрисида депутатларга ахборот берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Холбўтаевнинг ёзишича, “Ҳукумат соати” ўз номи билан бир соат давом этадиган тадбир. Шу боис, парламент қуйи палатасида қарор топган амалиётга мувофиқ, Давлат солиқ қўмитаси раисига ахборот бериши учун 20 дақиқагача вақт ажратилган эди. 

“Аммо “маъруза” 35 дақиқага чўзилиб кетди. Табиийки, савол-жавобларга жуда кам вақт қолди. Натижада парламент аъзолари кўплаб муаммоли саволларини беролмадилар.

Бу ҳам етмагандай, халқ вакилларининг аҳоли ҳамда тадбиркорларни ўйлантираётган масалалар юзасидан берган саволларига ҳам мутасаддилар аниқ жавоб қайтара олмади”, - дейди депутат.

ЎзЛиДеП фракцияси томонидан президентнинг 2018 йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2019 йил 1 январдан бошлаб давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар контрагентлари билан ўзаро муносабатларда кечиктирилган дебиторлик қарзлар учун санкцияларни қўллаш тартиби бекор қилинган бўлишига қарамасдан, солиқ органлари томонидан молиявий санкция ва жарималар қўлланиб келинаётгани аниқ мисоллар билан келтирилиб, эътироз билдирилди.

Давлат солиқ қўмитасининг раиси эса, мазкур масала тўлиқ ўрганиб чиқишни, бу эса, вақт талаб талаб этишини рўкач қилиб, келтирилган мисоллардаги қарздорликлар ўтган йилларда вужудга келгани учун молиявий жарималар қўлланилган бўлиши мумкин, дея жавоб қайтарди, деб ёзади депутат.

Унинг айтишича, президент фармонида дебиторлик қарзлар учун санкцияларни қўллаш тартиби 2019 йил 1 январдан бекор қилиниши қайд этилган бўлиб, бунда ўтган даврда ҳосил бўлган дебиторлик қарзлари учун қўлланилмаслиги келтирилмаган. Яъни, бу корхоналар контрагентлари билан ўзаро муносабатларда кечиктирилган дебиторлик қарзлар ўтган йиллардан бўлса ҳам санкциялар қўлланмаслигини англатади.

“Қизиғи, депутатларнинг бошқа саволларига ҳам жавоб шунга ўхшаш тарзда берилди.

Хуллас, Давлат солиқ қўмитаси раисидан “Ҳукумат соати”да кўп масалаларга ечим, жўяли жавоб кутган эдик. Аммо солиқ органлари тадбиркорларни қўллаб-қувватловчи, ҳақиқий маслаҳатчи органга айланишига ҳали анча вақт борлигига ўхшайди”, - дейилади Эркин Холбўтаевнинг муносабатида.

Мавзуга оид