Жаҳон | 10:35 / 20.09.2019
10028
2 дақиқада ўқилади

Араб коалицияси дронлар ҳужумидан кейин ҳусийчиларга қарши ҳарбий амалиёт бошлади

Фото: Nariman El-Mofty /AP

Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси Яманнинг Худайдо портидан шимолда ҳарбий амалиёт бошлади. Бу ҳақда Al-Ekhbariya телеканалига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

Амалиёт 14 сентябрда Саудия Арабистонидаги нефть объектларига ҳужум қилингандан кейин ўтказилмоқда. Ундан мақсад “ҳарбий объектлар” бўлиб, коалиция тинч аҳолидан уларга яқинлашмасликни сўраган.

Амалиёт давомида бошқарувчисиз қайиқлар ва денгиз миналари йиғилган 4 та объект йўқ қилингани маълум қилинган.

Шунингдек, коалиция вакили Турки ал-Маликийнинг маълум қилишича, коалиция кучлари “Ансор Аллоҳ” (ҳусийчилар) ҳаракати аъзолари томонидан сувга туширилган миналаштирилган қайиқни йўқ қилишган. Қайиқ Худайдо портидан сувга туширилган ҳамда денгиз транспорт йўллари хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин эди.  

14 сентябрга ўтар кечаси Саудия Арабистонининг Saudi Aramco нефть компанияси объектлари дронлар ҳужумига учраганди. Ушбу ҳужум учун жавобгарликни ҳусийчилар ўз зиммасига олган.  

Бироқ Саудия Арабистони мудофаа вазирлигида ҳужум Ямандан эмас, балки Эрондан олиб борилгани айтилган. Ар-Риёд маълумотларига кўра, ҳужум вақтида Теҳрон томонидан ишлаб чиқарилган Delta Wing UAV дронлари қўлланган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид