Ўзбекистоннинг 4 вакили ҳам саралаш босқичида муваффақиятли иштирок этишди.
Дастлаб, -61 кг вазн тоифасида Аббос Раҳмонов филиппинлик Егор Дмитриевни осонлик билан енгди (14:2). Энди унинг 1/8 финалдаги рақиби руминиялик Николаи Охлопков бўлади.
-79 кг вазн тоифасида Рашид Қурбонов Жанубий Корея вакили Жанг Вумин билан куч синашди ва 12:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Энди у 1/8 финалда эронлик Баҳмад Муҳаммад Темурий билан чорак финал йўлланмаси учун курашади.
-86 кг вазн тоифасидаги саралаш баҳсларининг биринчи босқичида Жаброил Шапиевга озарбойжонлик Александр Гоциев рақиб бўлди. Ўзбекистонлик спортчи бу баҳсда 4:1 ҳисобидаги ғалабага эришди, кейин у 1/16 финалда грузиялик Сандро Аминашвилини 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратиб, кейинги босқичга ўтди. Унинг нимчорак финалдаги рақиби ким бўлиши ҳозирча маълум эмас.
-97 кг вазн тоифасида Магомед Ибрагимов польшалик спортчи Радослав Баранни осонлик билан таслим этди - 10:0. Энди у 1/8 финалда руминиялик Алберт Саритовга қарши гиламга тушади.
Маълумот учун, юқоридагилардан фақат -86 ва -97 кг вазн тоифалари Олимпия ўйинлари дастурига киритилган.
Бундан аввалроқ, -125 килограмм вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Ҳасанбой Раҳимов бронза учун ўтиш босқичида молдовалик Александр Романовни 6:0 ҳисобида мағлуб этиб, Токио-2020 Олимпиадасига йўлланма олганди. Энди у кечки дастурда бронза учун гиламга чиқади, унга хитойлик Живеи Ден рақиблик қилади.
-70 кг вазн тоифасидаги Ихтиёр Наврўзов эса бронза учун ўтиш турнирида грузиялик Зураби Якобишвилига мағлуб бўлиб, турнирни медалсиз ҳамда Олимпиада йўлланмасисиз якунлади.











