Мактабгача таълимдаги ноқонуний харажатларнинг 28 фоизи «ўлик жонлар» ҳисобига тўғри келган - МТВ
Мактабгача таълим тизимида 2018 йилда ноқонуний харажатларнинг 40 фоизи, 2019 йилнинг биринчи чорагида эса 28 фоизи «ўлик жонлар», яъни мактабгача таълим ташкилотларида турли лавозимларга расмийлаштирилган, лекин, аслида, муассасада ишламайдиган шахслар ҳисобига тўғри келган. Бу ҳақида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан коррупцион ҳолатларга чек қўйиш мақсадида ўтказилган махсус семинарда маълумот берилди.
Семинарда айтилишича, МТТларда болалар тегишли йўлланмасиз қабул қилиниб, ўз навбатида, йўлланмасиз қатнаётган болалар учун тўланган тўлов пуллари ғазнага кирим қилинмасдан МТТ мудирасининг ноқонуний даромад манбасига айланмоқда. Бунда болалар соғлиги ва хавфсизлиги ҳам хавф остига қўйилмоқда.
Вазирлик ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати бошлиғи Дилшод Норматовнинг таъкидлашича, мактабгача таълим тизимида коррупция кўпроқ қуйидаги ҳолатларда содир бўлмоқда:
- МТТларга ходим қабул қилишда;
- Ходимларнинг иш ставкасини оширишда (бунда 0.5 ставкани 1 ставкага етказиш каби ҳоллар назарда тутилади);
- Болаларни МТТга жойлаштиришда.
«Ходимларни «ўлик жон» қилиш масаласига кўз юмиб бўлмайди. Бу тарбиячи «ўлик жон» бўлган МТТда бола берилиши керак бўлган тарбияни олмаётганини англатади. Ўша кунда олиниши керак бўлган нарсадан маҳрум қилиш билан эса боланинг тиклаб бўлмас ҳуқуқи бузилишига йўл қўйилади», дея Дилшод Норматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мактабгача таълим вазири биринчи ўринбосари Собитхон Турғунов ўз нутқида вазирликнинг олдида турган энг катта вазифалардан бири ҳам коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш эканини айтиб ўтди.
«Вазирлик болаларни мактабгача таълимга қабул қилишдаги таниш-билишчиликни камайтириш бўйича давлат хизматлари агентлиги билан ҳамкорликда ишлаяпти. МТТ раҳбарларининг лавозимига тайинланиши билан боғлиқ коррупцион ҳолатларни йўқотиш учун эса кузатув кенгашларини ташкил қилганмиз», дея амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди Собитхон Турғунов.
Мавзуга оид
15:02 / 10.11.2022
Мактабгача таълим вазирлиги ўтказадиган халқаро конференцияга 19,1 млрд сўм сарфланмоқда
17:43 / 31.03.2022
Хусусий боғчаларга ишга олинадиган тарбиячилар комиссиялардан ўтказилмайди – вазирлик Самарқандда болалар қўлига игна санчилган ҳолат ҳақида
17:07 / 30.11.2021
Мактабгача таълим вазирлиги соҳа ходимларининг маошлари қанчага ошишини маълум қилди
11:04 / 08.07.2021