Ўзбекистон | 12:59 / 24.09.2019
6438
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган «Разведка рейди» мусобақасига старт берилди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Жиззах вилоятида жойлашган «Фориш» тоғ-дала ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги қўшинлари разведка бўлинмалари ўртасидаги «Разведка рейди» мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда округ ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларидан жами 11та жамоа иштирок этмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Айниқса, разведкачиларимиз 2018 йили Буюк Британияда 133та жамоа иштирок этган «Кембрия патрули» мусобақасида 1-ўрин, жорий йилда халқаро армия ўйинларида 8та жамоа ўртасида 2-ўрин, яқинда Қозоғистонда ўтказилган «Олтин укки» мусобақасида эса фахрли 2-ўринни қўлга киритди.

Тадбирда сўз олганлар мазкур ютуқларни алоҳида таъкидлар экан, ушбу мусобақада иштирок этаётган жамоалар орасидан ҳам ана шундай иқтидорли, билимли ва юксак салоҳиятли юрт ҳимоячилари сараланишига ишонч билдирди.

Таъкидлаш керакки, мазкур мусобақа уч босқичда ўтказилди. Дастлаб, ҳарбий қисм, сўнгра округ миқёсида ғолиб бўлган жамоалар якуний босқичда иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Якуний босқичда эса улар 10та шарт бўйича ўзаро беллашадилар.

Шу куни жамоалар илк шартларни бажаришга киришди. Дастлаб ҳарбий хизматчилар 7,5 километрлик масофага оғирлиги 35 килограммга яқин бўлган юк қопи билан марш юришди. Машғулот шартига кўра, ҳар бир жамоа юқори қўмондонликдан берилган махсус вазифаларга асосан шартли душман жойлашган ҳудудни аниқлаш ва қарор ишлаб чиқиш вазифаларини бажаришди. Шунингдек, марш юриш давомида миналаштирилган йўлаклардан беталафот ўтиш, жангда яраланган ҳарбий хизматчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва уни бир ярим километр масофага эвакуация қилиш синовларидан ўтди. 

Шундан сўнг уч километр узоқликдаги жойлашув ҳудудига етиб бориш, у ерда қўриқлов ўрнатиш ва гуруҳ шахсий таркибига вақтинчалик яшаш жойини ҳозирлаш, дала шароитидан келиб чиққан ҳолда, зарур шароитлар яратиш сингари шартларни бажаришди.

Жамоаларнинг ҳар бир ҳаракати Мудофаа вазирлиги масъул офицерларидан тайинланган ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳолаб борилди. Олдинда ҳали иштирокчилар белгиланган ҳудудда разведка ишларини олиб бориш, шартли душманнинг объектини яксон қилиш, сувли тўсиқлардан ўтиш, азимут бўйича ўн километр масофага ҳаракатланиш, 3 километр масофага югуриш, кимёвий зарарланган ҳудудлардан ҳимояланиш, руҳий йўлаклар тўсиғидан ўтиш ва мутахассислик бўйича қатор меъёрларни бажарадилар.

Эслатиб ўтамиз, мусобақа жорий йилнинг 28 сентябригача давом этади.

Мавзуга оид