Шиддатли ахборот даврида яшаяпмиз. Нафақат қайсидир шахслар, мансабдорлар, балки бутун ташкилотлар ҳам ўз фаолияти билан тез-тез омма эътиборига тушади, баҳс-у мунозарларга сабаб бўлади. Ана шундай ташкилотлардан бири Мажбурий ижро бюросидир. Ҳафтанинг бирор куни, ойнинг бирор ҳафтаси йўқки, бу бюро фаолиятига оид хабарлар эълон қилинмаса.

Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, бюро фаолияти билан яқиндан танишиш, тўпланиб қолган саволларга жавоб олиш мақсадида МИБ директори Ботир Қудратхўжаев билан суҳбатда бўлдик.

Ботир Қудратхўжаев суҳбат жараёнида бизни бюро фаолияти, турли-туман бўлимлардаги иш жараёни билан ҳам таништириб чиқди.

Маълумот учун: Мажбурий ижро бюроси давлат раҳбарининг соҳага оид махсус Фармони билан ташкил этилган. Бюро Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги махсус ваколатга эга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган бўлиб:

-      суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ундирилган маблағларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш, турли сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатлари олдини олиш;

-       энергия ресурслари, сув таъминоти ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш, тармоқларга ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш каби вазифаларни амалга оширади.

Бюро муқаддам фаолият кўрсатган Адлия вазирлиги ҳузуридаги суд департаменти ҳамда таъминотчи корхоналардан кўп жиҳатдан фарқ қилади: Бюро – Бош прокуратура ҳузуридаги махсус ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, суриштирув ва терговга қадар текширувни амалга оширувчи, тезкор-қидирув фаолияти билан шуғулланиш ваколатига эга орган ҳисобланади.

Бюро тизими – бир вақтда суд ва бошқа орган қарорларини ижро этади, энергия ресурслари, сув таъминоти ва қаттиқ маиший чиқиндилар учун ундирувларини мувофиқлаштиради.

Бюрода – жами 12 мингдан зиёд ходимлар хизмат қилади. Ходимлар ўртача 3 млн 600 минг сўмдан – 7 млн. 500 минг сўмгача иш ҳақи олишади.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги тугатилган Суд департаментининг охирги икки йили 3 ойи давомида 23,8 трлн. сўмлик 5,1 миллионта ижро ҳужжатлари амалда ижроси таъминланган бир вақтда, Бюро фаолиятининг шунга мос даврида 36 трлн. сўмлик 6,3 млн.та ижро ҳужжатлари амалда ижроси таъминланган, яъни собиқ Суд департаменти суд ижрочилари шу даврига нисбатан сонида 23 фоизга, Бюро давлат ижрочилари 51 фоизга кўп ижро ҳужжатларини якунлаган.