Ўзбекистонда шундай таомил шаклланган: давлат хизматчилари бошлиқ кетмагунча офисда қолишлари керак – Reuters
Сентябрь ойида Тошкентда ўтган халқаро конференцияларнинг бирида, иштирокчилар ўз жойларини эгаллаётган маҳал, эришилган келишувларни маъқуллаб ўзини у ёқ – бу ёққа ташлаётган давлат хизматчиси дабдурустдан йиқилиб тушди, деб ёзади Reuters.
Халқаро агентлик хабарига кўра, ҳушини йўқотган эркакни ўрнидан турғазиб қўйишаётганида, ҳамкасблари у ҳойнаҳой жиддий стресс ҳолатида тадбирга келган бўлганини таъкидлаб қўйишган.
«Юз берган воқеа ва атрофдагиларнинг бунга муносабати – Ўзбекистонда давлат хизматчилари кунига 15 соатдан ва дам олиш кунисиз 3 йил ишлаганидан кейин айниқса чарчоқ оқибатида келиб чиқадиган муаммоли ҳолатларга тез-тез дуч келиб туради, деган тасаввурларни ўзида акс эттиради.
Шу боисдан ҳам, Марказий Осиёнинг иқтисодиёти тобора очилиб бораётган бу давлатига келувчи хорижлик мансабдор шахслар маҳаллий амалдорлар билан учрашувлар чоғида қўшимча ноодатий вазифа билан тўқнаш келишади: улардан мезбон томон вакилларининг уйғоқ ўтирганига ишонч ҳосил қилиш талаб этилади.
«Туш вақтидаги учрашув чоғида у икки марта ухлаб қолди», – деганди ғарб мамлакатидан келган молиячи ўрта даражадаги ўзбек амалдори билан учрашувдан сўнг.
33 миллион аҳолига эга собиқ совет республикасида ҳукумат ишчилари орасида узоқ вақт мобайнида шаклланган анъана бор – улар ўз бошлиқлари кетмагунга қадар офисни тарк эта олишмайди», – дейилади хабарда.
Reuters'нинг эслаб ўтишича, президент Шавкат Мирзиёев тизимдаги ана шу чарчоқни тушунгани учун ҳам ўтган ой давлат хизматчиларига шанба кунлари соат 17:00да иш жойини тарк этиш ва якшанбани оила аъзолари билан ўтказиш бўйича топшириқ берган.
Аммо шахсини ошкор этмаслик шарти билан агентликка интервью берган ўзбекистонлик раҳбар ходим амалда ўзгариш бўлмаганини айтган.
«Лекин аслида ҳеч нарса ўзгармай қолди. Мен ҳали ҳам ишга эрталаб соат 8да келиб, ярим кечаси кўпинча соат 1-2да уйга қайтаман. Фарзандларимни кетма-кет бир неча кун давомида кўрмаган пайтларим ҳам бўлади», – деган аноним амалдорнинг сўзларини келтирган Reuters.
Мавзуга оид
15:59 / 13.11.2023
Мажбурий меҳнатнинг оммавий шаклларидан кечилди, давлат идораларидагиси-чи? – экспертлар билан суҳбат
15:50 / 26.12.2022
«Қайси вазирликдан қанча одам қисқартирилиши ҳозирча маълум эмас» – Отабек Ҳасанов
19:33 / 07.11.2022
«1,5 миллион сўмгача» – давлат хизматчилари учун совға олиш ва уни тасарруф этиш тартиблари белгиланмоқда
09:34 / 31.12.2021