«Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни ҳимоя қилиш ҳақида гап кетяпти». Содиқ Сафоев ЖСТга аъзо бўлиш учун ўтказилаётган музокаралар ҳақида
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш борасида Ўзбекистоннинг қарори қатъий ва бу борадаги музокалар фаол давом этмоқда, деб маълум қилди Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.
Сафоевнинг сўзларига кўра, ЖСТга аъзо бўлиш борасидаги музокараларда Ўзбекистон ўз маҳаллий ишлаб чиқарувчилари манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтайи назаридан ҳам ёндашмоқда. Бу ҳақда у бугун, 4 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.
«Жаҳон савдо ташкилотига Ўзбекистоннинг кириши бўйича аниқ қарор ва сиёсий ирода бор. ЖСТ билан музокаралар жуда ҳам жадал кечмоқда. Консультатив гуруҳ жуда фаол ишлаяпти. Бу йўналишда чет элдан техник ёрдам ҳам кўрсатилмоқда.
Жаҳон савдосининг 90 фоиздан ортиғи шу ташкилот доирасида кечади. Ўз миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, савдо алоқаларида ҳуқуқларимизни муҳофазалаш нуқтайи назаридан бу ташкилотга аъзолик муҳим аҳамият касб этади.
Ташкилотга киришда биз ўз шартларимизни илгари суряпмиз. Яъни ички ишлаб чиқарувчиларимизни ҳимоя қилиш ҳақида гап кетяпти», ─ дея таъкидлади Содиқ Сафоев.
Шунингдек, Сафоев Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши ва Евроосиё иқтисодий иттифоқига эҳтимолий аъзолиги масаласининг кўрилаётгани ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқлигини маълум қилди.
«Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириш-кирмасликнинг таҳлил қилинаётгани ва ЖСТга аъзо бўлиш масалалари ўртасида зиддият мавжуд эмас. Чунки Евроосиё иқтисодий иттифоқининг барча аъзолари Жаҳон савдо ташкилотига ҳам аъзо бўлган», ─ деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари.
Мавзуга оид
15:20 / 26.10.2024
«Ўзбекистоннинг BRICS'га аъзо бўлиши кун тартибида эмас» – Содиқ Сафоев
12:22 / 28.08.2024
Содиқ Сафоев: Ўзбекистон Афғонистондаги вазият билан боғлиқ масалалар халқаро кун тартибида эътиборсиз қолаётганидан хавотирда
19:20 / 05.07.2024
“БМТ 80 йил олдин бошқа дунё учун тузилганди” — дунё тартиботи ҳақида Содиқ Сафоев билан суҳбат
18:18 / 29.03.2024