Ўзбекистон | 14:13 / 04.10.2019
21762
3 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси: Метродаги жетонлар масаласини бош вазир ўз назоратига олган 

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайтида депутат Ёрмамат Холиёровнинг “Тошкент метрополитени жетонлардан қачон воз кечади?” сарлавҳали мақоласи эълон қилинган эди.

Мақолада барча соҳада кечаётган янгиланишлар, замонавийлик Тошкент метрополитенини четлаб ўтаётгани, бугун бутун дунёда электрон тўловлар тизими кенг қўлланилаётгани, ҳаттоки, мобиль смартфонларга ўрнатиладиган дастурлар орқали NFC тўлов тизимлари жорий этилаётганини келтириб, Тошкент метрополитенида эса, ҳали-ҳануз жетонлардан фойдаланилаётгани, бу каби масалаларга етарлича эътибор қаратилмаётгани, эскича қарашлардан воз кеча олинмаётгани ҳақидаги масала кўтарилганди.

“Мақола эълон қилингач, ушбу масала жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама келтириб чиқарди. Мутасадди вазирлик ва идоралар ғимирлаб қолди. Ҳатто мазкур масалага Ҳукумат ҳам эътибор қаратгани диққатга молик.

Буни мақола муаллифи бўлган депутат номига “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти “Тошкент метрополитени” унитар корхонаси раҳбариятидан келган жавоб хатидан ҳам билиш мумкин. Мактубда ушбу масалани Бош вазир ўз назоратига олгани ва тааллуқли бўлган вазирликларга топшириқлар берилиб, ишчи гуруҳи тузилгани, ишчи гуруҳ зиммасига Европанинг етакчи мамлакатлари транспорт тармоқларида амал қилаётган электрон тўлов тизим жорий этиш бўйича амалий таклиф киритиш юклатилгани ҳамда бу борада амалий ҳаракатлари бошлангани баён қилинган”, - дейилади Қонунчилик палатаси сайтида.

Шунингдек, хатда келтирилишича, ҳозирги пайтда Тошкент метрополитенининг Халқлар дўстлиги ва Ойбек бекатларида тажриба асосида пул тўлов карталари орқали йўлкира ҳақини тўлашни амалга ошириш имконини яратувчи тизим муваффақиятли синовдан ўтказилган.

Жорий йилнинг сентябрь ойининг ўртасидан бошлаб тасдиқланган режа асосида Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишининг Олмазор, Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Пахтакор, Буюк ипак йўли бекатларида, Ўзбекистон йўналишининг Дўстлик, Тошкент, Ўзбекистон, Алишер Навоий, Чорсу, Беруний бекатларида ва Юнусобод йўналишининг барча бекатларига пул тўлов карталари орқали йўлкира ҳақини тўлашни амалга ошириш имконини яратувчи тизим ўрнатилиб, босқичма-босқич ишга туширилаётгани айтилади.

Мавзуга оид