
1 июль куни Ўзбекистоннинг энг шарқий нуқтаси – Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманига пиёда йўлга чиққан Соҳиб Ражабов 5 октябрда Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳрига етиб келди.
Ражабов Telegram`даги ўз каналида ёзишича, саёҳатга чиқишидан мақсад – Ўзбекистон аҳолисига ўзлари яшаётган мамлакат қанчалик хавфсиз ва меҳмондўст эканини кўрсатишдир.
У йўлга чиққан Хонобод шаҳридан манзил Мўйноққача 1700 км.ни ташкил этади. Унинг йўлга чиққанига 2 ой 7 кун бўлди.

Соҳиб узоқ вақт пиёда юраётгани сабаб йўлда бир неча марта тўхтаб, шифохонада даволанишига тўғри келган.
Саёҳатчи сафари давомида ўзи дуч келаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида «Пешком по Узбекистану» каналида пост қолдириб, фото ва видеолар улашиб келяпти.
Жумладан, шу ой бошида у 3 йилдан буён дунёни велосипедда сайр қилиб юрган япониялик Нао билан учрашгани ҳақида ёзган.
7 октябрь куни жойлаган суратига қараганда, Соҳиб Ражабовнинг Урганчга етишига чамаси 10 км қолди.


















