Ўзбекистон муайян муддат ташқи алоқалардан чекиниб қолган эди, деди Тожикистон парламенти қуйи палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров ўзбекистонлик ҳамкасби Нурдинжон Исмоилов билан учрашувда.

Ўзбекистон ва Тожикистон парламентлари қуйи палаталари раҳбарлари душанба куни Тошкентда мулоқот ўтказди. Унда Тожикистон томони Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги ижобий фаоллашувини қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар маълум муддат тўхтаб қолган эди. Бу паузага нуқта қўйилгани ҳар икки мамлакат учун манфаатли бўлди.

Йўқотилган муддатнинг ўрнини тўлдириш, узилиб қолган ришталарни аввалгидан ҳам мустаҳкамроқ боғлаш – умумий мақсаддир. Бунда ҳукумат органлари билан бир қаторда халқ вакилларининг ҳам доимий мулоқотини йўлга қўйиш, парламент вакилларининг ўзаро ташрифларини амалга ошириш муҳим ҳисобланади.

Ўзбекистон муайян муддат ташқи алоқалардан чекиниб қолди. Ўзбекистоннинг бу йўқотишни тиклаши, ижобий фаоллашувини Тожикистон қўллаб-қувватлайди», – деган Зуҳуровнинг сўзларини келтирди Kun.uz мухбири.

Мулоқот чоғида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов меҳмон делегация вакилларига Ўзбекистон парламентининг бугунги фаолияти ҳақида маълумот берди.

«Ўзбекистонда жорий йилги сайловлар мутлақо бошқача руҳда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу гал партиялар сонининг беш нафар эканлиги, сайлов тўғрисидаги янги кодекс асосида иш олиб борилиши бунинг асосий омилларидир.

Ўзбекистон парламенти республикадаги нодавлат ташкилотларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг учун давлат бюджети маблағи асосида фонд ташкил қилинган бўлиб, фондни парламент комиссияси бошқаради. Танловлар, субсидиялар асосида нодавлат ташкилотлар ўзининг жамоатчилик, ижтимоий вазифаларини тўлақонли бажариши таъминланади.

Парламентнинг бошқа давлатлар қонунчилик органлари билан ҳамкорлигини назарда тутувчи 28та дўстлик гуруҳи тузилган. Бу гуруҳларнинг фаолияти ҳали талабга тўла жавоб бермайди, аммо ташқи алоқаларни фаоллаштириш, бу борада вужудга келиб қолган бўшлиқни тўлдириш, халқаро алоқаларда парламентнинг ролини ошириш мақсадида қаттиқ ишланмоқда», – деди Исмоилов.