Ўзбекистон Республикаси президенти “Товар-хомашё биржалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва биржа савдоси механизмларини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

2020 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб белгиланадики, унга кўра:

устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ёки устав фонди (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар (давлат улуши мавжуд ташкилотлар) томонидан ишлаб чиқариладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ўрнатиладиган квоталар бўйича фақат биржа савдолари орқали экспорт қилинади;

монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан техник мой, омухта ем, хўжалик совуни, нефть эриткичи, нефть парафини ва мис купороси ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда реализация қилинади;

маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган шакар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда реализация қилинади, республиканинг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларида жойлашган истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартнома асосида ўз савдо тармоқлари орқали сотиладиган, умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 10 фоизидан ошмайдиган ҳажми бундан мустасно;

монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан иситиш ёқилғиси, ёқиш мазути, суюлтирилган газ ва нефть битуми фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда реализация қилинади, махсус истеъмолчиларга ўрнатилган тартибда тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиладиган ҳажмлар бундан мустасно;

биржа савдоларига қўйилиши лозим бўлган, монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан ички бозорда тўғридан-тўғри шартномалар орқали реализация қилинадиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулот сотувчилар томонидан мажбурий тартибда товар-хомашё биржаларида ҳисобга қўйилади ва ушбу маълумотлар тегишинча шартнома тузилган ва мажбуриятлар бажарилган вақтдан бошлаб уч кун муддатда биржанинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади;

товар-хомашё биржаларида томонларнинг келишувига мувофиқ биржа савдолари қоидалари асосида чет эл валютасида импорт битимлари тузилиши мумкин. Бунда тузилган шартномалар бўйича маълумотлар товар-хомашё биржалари томонидан Валюта операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилади.