Олий суд раисига янги ўринбосар сайланди
Олий Мажлис Сенатининг 23-ялпи мажлисида Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритиш масаласи кўриб чиқилди.
Олий суд аъзолигига тўрт нафар номзод Конституциянинг 93-моддаси ва «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 63-моддасига асосан, президент тақдимномасига биноан Сенатда овозга қўйилди. Унга кўра:
– Икром Тўхтамуродович Муслимов муддатсиз даврга Олий суд раиси ўринбосари – Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига,
– Рахат Аминбаевич Исмайлов, Санобар Турсуновна Мамадалиева, Шамсиддин Мамарежебович Тожиев – ўн йил муддатга Олий суд судьяси лавозимига сайланди.
Икром Муслимов – 1972 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти олий. Мутахассислиги – ҳуқуқшунос. 1996 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида адлия ва суд идораларида турли лавозимларда ишлаган. 1998-2001 йилларда Тошкент вилояти Бўстонлик тумани судьяси, 2001-2005 йилларда Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судьяси, 2005-2013 йилларда Олий суд судьяси, 2013-2018 йилларда Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди раиси бўлиб ишлаган, 2018 йил 14 декабрдан ҳозирга қадар Олий суд судьяси ва Жиноий ишлар бўйича судлов ҳайъати ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.
Икром Тўхтамуродович 2017 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати собиқ раиси Баҳодир Акбаралиевич Деҳқонов шу йилнинг февралида ҳибсга олиниб, ўтган ой ДХХнинг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида 5 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024