Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида 15 октябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммити бўлиб ўтди.

Унда мазкур ташкилотга аъзо мамлакатлар раҳбарлари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбеков, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев иштирок этди. Кузатувчи мамлакат сифатида Венгрия бош вазири Виктор Орбан, шунингдек, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Пурли Агамуродов анжуманда қатнашди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этди. Ўзбекистон ушбу нуфузли халқаро тузилмага жорий йилда қўшилди. 

«Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда асосий мақсад, асосий принцип Ўзбекистон манфаати ва яна бир бор Ўзбекистон манфаати эканини доим таъкидлайди. Давлатимиз ана шу қатъий тамойиллар асосида очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб бормоқда. Бунинг натижасида кейинги йилларда Ўзбекистоннинг дўстлари, хайрихоҳлари кўпайди. Қўшни, яқин ва узоқ мамлакатлар билан мутлақо янги – соғлом сиёсий ва иқтисодий алоқалар йўлга қўйилди. Халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари, янги механизмлари жорий этилмоқда. 

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ана шундай янги платформалардан биридир. Бу ташкилот 2009 йил 3 октябрда Озарбойжоннинг Нахичеван шаҳрида тузилган бўлиб, дастлаб унга Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо эди. 

Кейинги йилларда мазкур давлатлар билан алоқалар мустаҳкамланди. Олий ва юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилди.

Президентимиз 2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитда фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Жорий йил 5 октябрда Тошкентда Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ҳамда Инвестиция форуми ўтказилди. 

Алоқалар бундай фаол ривожланар экан, буни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳам зарур эди. Жорий йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди. 

Бу ташкилотнинг асосий мақсади қардош мамлакатлар ўртасида ишонч ва алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт, транспорт, энергетика, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдир.

Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қўшилишини барча аъзо мамлакатлар мамнуният билан қабул қилди. Расмий шахслар, экспертлар халқимизнинг туркийлар тарихидаги ўрни, бугунги салоҳияти ва аҳамиятини эътироф этди», дейилади президент матбуот хизмати