Жамият | 10:56 / 17.10.2019
47004
2 дақиқада ўқилади

«Бола пули» тўланишини онлайн назорат қилиш таклиф этилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда 2 ёшгача бўлган болаларга тўланадиган нафақа пулларини онлайн назорат қилиш таклиф этилмоқда. Тегишли петиция «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида эълон қилинди.

Таъкидланишича, бугунги кунда 2 ёшгача бўлган болаларга нафақа пулларини тўлашда маҳалла фуқаролар йиғинининг роли катта. Ушбу жараёнда анча оворагарчиликлар ва тамагирлик ҳолатлари кўзга ташланади. Баъзида турли ноаниқликлар бўлиб туради. 

«Шу сабабли, маҳалла фуқаролар йиғини раисига ва биринчи навбатда фуқароларимизга кўмаклашиш мақсадида 2 ёшгача бўлган болаларга тўланадиган нафақа пулларини онлайн назорат қилиш (нафақа чиққани ёки чиқмагани) имконини берадиган махсус платформани ташкил этиш керак», - деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Қайд этилишича, ушбу платформадан рўйхатдан ўтиш орқали болаларга тўланадиган нафақа пулларини назорат қилиш имкониятини яратиш керак.

«Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 2 ёшгача бўлган болаларга тўланадиган нафақа пулларининг белгиланиши, тўғри тақсимланишини онлайн назорат қилиш имкониятини берадиган махсус платформа ташкил этилишини таклиф қиламиз», - дейилади петицияда.

Мавзуга оид