Ўзбекистон | 17:30 / 17.10.2019
19175
3 дақиқада ўқилади

Талаба тўлайдиган стипендиясиз шартнома пули унга сарфланадиган бир йиллик харажатни қопламайди – Вазирлик

Бугун, 17 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлашга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда иштирок этган мутасаддилар томонидан ОТМларга қабул квоталари белгиланишининг қандай ижобий томонлари борлиги ҳақидаги саволга жавоб қайтарилди.

«Бугунги кунда давлат гранти асосида таҳсил олаётган талабалар ишга йўналтирилади, лекин ишга жойлаштирилмайди. Бироқ квота билимли ёки имконияти чекланган ёшларни давлат гранти асосида таҳсил олишлари ва уларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам зарур», - дея маълумот берди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Абдували Холиқов.

Тадбирда белгиланган квотада тўлов контракти асосида ўқиётган талабанинг стипендиясиз тўлайдиган 6 миллион сўмлик шартнома пули унинг учун сарфланадиган бир йиллик харажатни тўлиқ қопламаслиги, қолган миқдор эса давлат томонидан қоплаб берилиши ва бу ижтимоий ҳимоя ҳисобланиши ҳақида таъкидлаб ўтилди.

Абдували Холиқовнинг сўзларига кўра, юқоридаги сабаблар туфайли тўлов-контракт асосидаги квоталар ҳам зарур ҳисобланади. Бироқ ҳозир хусусий, давлат-хусусий шериклик асосидаги ОТМларнинг очилиши ва супер-контрактлар асосида талабаларни қабул қилиш ҳисобига олий таълим билан қамраб олиш фоизини ошириш ишлари амалга оширилмоқда.

«Қамров оширилиши бевосита бинолар сиғими билан ҳам боғлиқ. Чунки сифатли ва барча талабларга жавоб берадиган бино қуриш учун бир неча йил талаб этилади. Ҳозир ўқув бинолари доимий кенгайтирилиб ва янгиланиб борилмоқда. Шунинг ҳисобига агар 2030 йилда 600 минг ўқувчи мактабни битирадиган бўлса, уларнинг камида 300 мингини олий таълим билан қамраб олиш режалаштирилган.  

Бунинг учун профессор ўқитувчиларни тайёрлаб бориш ҳам мураккаб жараён саналади. Чунки битта профессор ўқитувчини тайёрлаш учун 10 йил муддат талаб қилинади. Бунга докторантуралар сонини кўпайтириш, хорижда малака ошириш ишларини ташкил қилиш орқали босқичма-босқич эришилади», - дея вазирлик масъулининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид