Нью-Йорк шаҳар кенгаши дунёдаги энг катта ахлоқ-тузатиш муассасаси ҳисобланувчи Райкерс турмасини ёпишни кўзда тутувчи режани маъқуллади. Бу ҳақда New York Times нашри хабар берди. 

Ист-Ривер бўғозидаги Райкерс оролида жойлашган турма 10 минг маҳбусга мўлжалланган.

Шаҳар маъмурияти 2026 йилгача турманинг ёпилишини кўзда тутувчи 8,7 млрд долларлик режани қабул қилган. Унинг ўрнига кичикроқ ўлчамдаги 4 та турма қурилади.

Режага кўра, янги турмалар Нью-Йоркнинг Бруклин, Квинс, Бронкс ва Манхэттен туманларида жойлашади.

Таъкидланишича, турманинг ёпилишига у ерда кўплаб қоидабузарликлар ва хизмат суиистеъмоликларига йўл қўйилишидан дарак берувчи далиллар сабаб бўлган.