Мурожаат ортидан навбатдаги сафаримиз Наманган вилояти томон бўлди.

Мингбулоқ туманидаги Меҳнатобод қишлоғи ўртасидан «Охунбобоев канали» ва Наманган-Қўқон йўли ўтган. Айни пайтда қишлоқ аҳолиси ўз юмуши билан ўтадиган, болалар мактаб ва боғчага борадиган кўприк фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган. Бир йил олдин кўприк орқали транспорт воситалари қатнаши чеклаб қўйилганди.

Иншоот ўртасида ёриқлар пайдо бўлиб, ундан оқаётган сув кўриниб турибди. Хавфли ҳолатга келган кўприкдан кунига минглаб йўловчи ва болалар ўтади.

«Кўприкнинг аҳволи жуда чатоқ. Тўкилиб кетган. Болалар 19-мактаб ва иккита боғчага мана шу жойдан ўтишади. Серқатновлигини кўриб турибсиз. Сал нарироқдан йўл очиб беришди. У йўл эса жуда тор. Тезроқ тузатиб беришса бўлар эди», дейди маҳалла вакили Эргашали Бобоназаров.

Иншоотдаги ёриқларни тузатиш учун аҳоли уриниб кўрибди. Ёриқларни бетон билан сувашган. Бироқ фойдаси бўлмай, тешиклар яна очилиб қолаверган.

Кўприкдан ўтаётган ўқувчи қизлар, «Кўпригимизни тузатиб беришсин. Тешиклари бор. Остидаги сув кўриниб туради. Раҳбарларга айтинглар-а. Қўрқиб, зўрға қадам босиб ўтяпмиз», дея илтимос қилиб кетишди.

Меҳнатободдан уч километр йўл босгач Жийдақишлоққа келдик. «Уюрчи-Дамкўл» маҳалласидаги айнан мана шу канал тепасига қурилган иккинчи кўприк бундан-да баттар авария ҳолатига келган.