Жамият | 00:14 / 19.10.2019
21912
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда шаҳар куни кенг нишонланди — фотогалерея

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Самарқанд кунида шаҳарнинг марказий хиёбонлари ва майдонлари самарқандликлар ва шаҳар меҳмонлари билан гавжум бўлди.

1996 йилдан буён 18 октябрь Самарқанд шаҳри куни сифатида кўҳна шаҳарда кенг нишонланади. Жумладан, бугун ҳам 23-марта нишонланган Самарқанд куни тантаналари шаҳарнинг марказий хиёбонлари ва майдонларида ташкиллаштирилди.

Тадбир анъанавий тарзда Амир Темур мақбарасида соҳибқирон ҳаққига Қуръон тиловати билан бошлаб берилди. Унда вилоят ҳокими Э.Турдимов ва вилоятнинг бошқа раҳбарлари иштирок этишди.

Эрталабдан бошланган байрам тадбирлари вақтида кўчалар одамлар билан гавжум бўлди. Дошқозонларда ошлар дамланди, миллий ва фольклор куй-қўшиқлардан иборат концерт дастурлари, турли кўргазма ва ярмаркалар ташкиллаштирилди. Кўчаларда эса транспорт ҳаракатлари чекланди. Барча тарихий обидалар ва музейларга кириш текин қилинди.

Байрам баҳона Орол сари югуришга мўлжалланган экомарафон ҳам ўтказилди. Тошкентда бошланиб, Мўйноқда тугаши кўзда тутилган марафоннинг иккинчи босқичи айнан Самарқандда бўлиб ўтди. Унда минглаб самарқандликлар қатнашиб, рамзий маънодаги эстафетани бухоролик спортчиларга узатишди.

Самарқанд шаҳар кунида маҳаллий фуқаролар билан бирга хорижлик сайёҳлар ҳам қатнашди. Кўнгилочар тадбирларда айниқса Самарқанддаги олийгоҳ талабалари, мактаб ва коллеж ўқувчилари фаол бўлишди. Ҳар бир ўқув муассасаси ўзи учун белгиланган ҳудудда ўзига хос байрамона кайфият уйғотишга ҳаракат қилди.

Кечқурун шаҳар кунига аталган мушакбозлик ҳам уюштирилди.

Қуйида Самарқанд куни муносабати билан қадимий шаҳарда ўтказилган байрам тантаналаридан тайёрланган фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Мавзуга оид