Жамият | 18:15 / 24.10.2019
13307
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда шифокорлар игна ютиб юборган йигитнинг ҳаётини сақлаб қолишди

Қаршида 19 ёшли йигит ютиб юборган игна унинг бўйин умуртқасидан олиб ташланди.

17 октябрь, пайшанба куни республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали хирургия бўлимига тиш тозалаётган вақтда игна ютиб юборган бемор операция қилинган.

«Жорий йилнинг 17 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалига 19 ёшли Озод Норматов фавқулодда тиббий ёрдамга муҳтож ҳолда келтирилди. Аниқланишича, йигит тикув игнаси билан тиш кавламоқчи бўлган, аммо эҳтиётсизлик оқибатида уни ютиб юборган.

Тиббиёт ходимларининг тезкорлик билан ўтказган текширувларидан сўнг уни Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг нейрохирургия бўлимига олиб боришга қарор қилинди. Икки тиббий муассасанинг малакали мутахассислари иштирокида ташкил этилган консилиумда жарроҳлар ҳамкорликда беморга ёрдам беришга кенгашиб олишди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

«Текширувлар вақтида игна учинчи бўйин умуртқасининг чап томонида эканлиги аниқланди. Ноёб жарроҳлик амалиётини ЭОП (электрон-оптик преобразователь) ускунаси ёрдамида тажрибали хирурглар Сувон Бердиев ва Соат Темиров амалга оширишди. Ушбу амалиётнинг мураккаблиги шундаки, салгина эҳтиётсизлик қилинса, у оғир оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Чунки бўйин қисмида жойлашган катта қон томирлари ва асаб тизимига зарар етказмасдан игнани бўйин умуртқасидан чиқариб олиш амалиёти жарроҳлардан юксак малака ва маҳорат талаб этарди. Ва жарроҳларимиз буни муваффақият билан уддалашди. Жарроҳлик амалиёти асоратсиз тарзда амалга оширилди. Беморни яна ҳаётга қайтарганимиздан мамнунмиз», – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиали директори Равшан Туляков.

«Мана шундай мураккаб вазиятларда шифокорнинг билими, малакаси, тиббиётнинг замонавий ютуқлари ва услубларини қанчалик ўзлаштиргани муҳим аҳамият касб этади. Шундай пайтларда инсон ҳаётини сақлаб қолиш унинг маҳоратига боғлиқ бўлади. Мазкур амалиёт бунинг яққол далилидир. 

Айни пайтда бемор ўзини жуда яхши ҳис этмоқда», дейилади ССВ маълумотида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид