Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги «Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш Маркази» давлат корхонаси директори Ҳасан Дадамуҳамедов биз билан суҳбатда марказ фаолияти ва мамлакатда шу соҳада олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
– Республикамизда бугунги кунда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида сўнгги йилларда катта ислоҳотлар амалга оширилиб, тизимли ривожланишга катта замин яратилди. Мазкур соҳа давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Алоҳида вазирлик тузилиши, туман (шаҳар)ларда тегишли бўлинмалар очилиши, спорт федерация ва ассоциациялар фаолиятига алоҳида эътибор берилиши оқибатида спорт соҳаси республикада янги ривожланиш босқичига чиқмоқда. Бу ишларни муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан шахсан назоратга олингани соҳани жадал суратларда ривожланишига сабаб бўлмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2019 йил 4 сентябрь куни 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўриш, оммавий спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантириш бўйича олиб борилган ишлар натижадорлиги ва бу борада амалга ошириладиган долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор мажлиси ўтказилди.
Йиғилишда проффессионал спортчиларни тайёрлаш жараёнига алоҳида урғу берилиб, бу борада илғор инновацион технологияларни жорий этиш, спорт фармакологияси, диетологияси, психологияси ва спорт тиббиёти масаласига, ҳар бир спорт терма жамоалари билан ишлайдиган илмий-комплекс лабораториялар ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратилди.
Бундан ташқари, жойларда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортга жалб қилишда оммавий спорт турларини ривожлантириш, ҳар бир туман (шаҳар)ни маълум спорт турларига ихтисослаштириш орқали оммавийликни ошириш, самарали ва сифатли селекцияни амалга ошириш бўйича зарур топшириқлар берилди.
Шунингдек, умумтаълим муассасаларида спорт объектларини қуриш ва таъмирлаш, ихтисослашган спорт мактаб-интернатларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларни замонавий спорт анжомлари билан жиҳозлаш, спорт анжомларининг сифатини назорат қилиш бўйича махсус лаборатория ташкил этиш чора-тадбирлари ҳам белгилаб берилди.
Умуман олганда, бугунги кунда жисмоний тарбия ва спорт соҳаси жадал ривожланиши натижасида бизнинг спортчиларимиз жаҳон спорт ареналарда нуфузли ўринларни олиб, Ўзбекистон байроғини ва мадҳиясини бутун дунёга танитиб келмоқда.
















