27 октябрь куни АҚШ ИШИД раҳнамоси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлими ҳақида эълон қилди. «Биринчи рақамли террорчи» Суриянинг Туркия билан чегараси яқинида яширинганди, махсус топшириқли «Дельта» отряди уни йўқ қилиш бўйича амалиёт ўтказди ва бу амалиёт муваффақиятли якунланди. Қуйида мазкур амалиёт тафсилотлари, шунингдек, бу ҳодиса ИШИДнинг келажагига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида сўз боради.

Бағдодий учун «ов» икки йил давом этди. Унинг қаерда жойлашгани ҳақидаги маълумот унинг асосий ёрдамчиларидан бири - Исмоил ал-Итавий орқали аниқланган. 

ИШИД раҳбари пухталик билан яширинган, тарафдорлари билан сабзавотлар ташувчи автомобилда учрашиб турган. Аввал туркияликлар томонидан қўлга олиниб, кейин Ироқ махсус хизматларига топширилган Итавий Бағдодий билан учрашиб турадиган беш нафар шахс номини очиқлаган. 

Тўпланган маълумотлар МРБга тақдим қилингач, бошқарма ходимлари сунъий йўлдош ҳамда дронлар ёрдамида маҳаллий ҳудудни беш ой давомида ўрганган. Бағдодий бир қишлоқдан бошқасига кўчиб ўтганидан икки кун ўтгач уни йўқ қилиш бўйича махсус операция бошланган.

Ҳаво зарбалари ва америкалик ҳарбийларнинг қуруқликдаги амалиёти Суриянинг Туркия билан чегарасидан 5 км масофада жойлашган ҳудудда, туркиялик ҳарбийлар ўтказган амалиётдан кейин курдлар қўлидан кетиб россиялик ҳарбий полиция патруллик қилаётган ҳудуд яқинида ўтказилди.

Рейд қандай ўтди?

Вашингтондаги штабда олти киши амалиётни жонли тарзда кузатиб борди

АҚШ армиясининг махсус тайёргарликдан ўтган ҳарбийлари бўлган 8та вертолёт Ироқдаги авиабазадан Вашингтон вақти билан соат 17:00да парвозга чиққан. Дональд Трамп вице-президент Майк Пенс, миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи Роберт О'Брайен, мудофаа вазири Марк Эспер, Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари – армия генерали Марк Милли ва Бирлашган қўмитанинг махсус операциялар бўйича директори ўринбосари Маркус Эванс билан бирга кузатиб борди.

Амалиётда махсус топшириқли «Дельта» бўлинмасининг 1-тезкор гуруҳи аскарлари иштирок этишди. Трампнинг сўзларига кўра, бу ҳарбийлар аввалдан Ироқ ҳудудида жойлаштирилганди.

Авиабазадан Бариша қишлоғигача 1 соатдан ортиқ вақт давомида училган. ИШИД раҳбари «Ал-Қоида» билан алоқадор бўлган «Хуррас-ад-Дин» гуруҳи томонидан назорат қилинадиган ҳудудда яширинганди.