Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати, давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Давлат бюджети деганда, аввало, давлат пул маблағларининг жамғармаси тушунилади. Солиқлар, божхона йиғимлари ва бошқа турдаги тўловлар кўринишида йил мобайнида давлат ғазнасига келиб тушган маблағлар, яъни, тушумлар орқали мамлакат бюджети шакллантирилади. Ушбу маблағлар, ўз навбатида, ҳаётимизнинг турли жабҳалари, қатор ижтимоий соҳалар ривожи учун мақсадли йўналтирилади. 

Эслатиш жоиз, 2018 йилнинг 22 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.

Мазкур қарорга мувофиқ, бюджет маълумотларининг очиқлигини янада ошириш мақсадида бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг янги тартиби белгиланган.

Ушбу тизимга кўра, 2020 йилдан бошлаб давлат бюджети қонун шаклида қабул қилинади ва халқ вакиллари томонидан назоратга олинади. Парламентга тақдим этиладиган Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасида ва Бюджетномада аҳоли ва ташқи ҳамкорларимизга мамлакат бюджетининг ҳолати очиқ-ойдин, халқаро стандартларга мувофиқ тарзда кўрсатилади. 

Республика бюджети борасидаги норматив ҳужжатлар Олий Мажлис томонидан, маҳаллий бюджетлар эса жойлардаги халқ депутатлари кенгашлари томонидан қабул қилинади. Қолаверса, харажатлар соҳалар бўйича эмас, вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланади. Идоралар мустақиллигини ошириш билан бирга, харажатларнинг самараси учун масъулияти ҳам кучайтирилмоқда.

Жорий этилаётган янги тизимнинг яна бир ўзига хос жиҳати – марказлашган бюджет сиёсатидан босқичма-босқич воз кечиш. Масалан, маҳаллий бюджетлар даромадини мустаҳкамлаш мақсадида автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш йиғимлари маҳаллий бюджетга ўтказилмоқда. Алкоголь маҳсулотлари ва мобил алоқа хизматини кўрсатиш учун акциз солиғи тушумлари аҳоли сонидан келиб чиқиб ҳудудлар ўртасида қайта тақсимланади. Қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича прогноздан орттириб бажарилган қисми тўлиқ худудларда қолдирилади.

2020 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари кенгашлар томонидан маъқулланган йўналишларга ажратилади. Фақат кечиктириб бўлмайдиган харажатларгина ҳокимликлар томонидан тасдиқланиши ва кейинчалик уларнинг тўғри сарфлангани ҳақида кенгашлар олдида ҳисобот берилиши лозим», дейилади президент матбуот хизмати