2 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг ўн саккизинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлис Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кецян, Қирғиз Республикаси Бош вазири Муҳаммадқалий Абилғазиев, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, Ҳиндистон Республикаси мудофаа вазири Ражнат Сингх ва Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ШҲТ бўйича миллий координатори Заҳур Аҳмаднинг тор доирадаги учрашуви билан бошланди. Музокарада ШҲТ Бош котиби Владимир Норов ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Жумахон Ғиёсов ҳам иштирок этди.

Фото: primeminister.kz

Мулоқот чоғида ШҲТ фаолияти изчил ривожланиб бораётгани, ташкилот Хартияси ва аъзо давлатлар ўртасида Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Ҳукумат раҳбарлари кенгаши иштирокчилари кун тартиби ва унинг доирасида имзоланадиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлашди, ШҲТ фаолиятига доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашишди.

Кенгашнинг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқаруви раиси М.Шаршекеев ва ШҲТ Банклараро бирлашмаси кенгаши раиси А.Оморкулов, кузатувчи давлатлар вакиллари – Афғонистон Ислом Республикаси Бош вазири А.Абдулла, Беларус Республикаси Бош вазири С.Румас, Эрон Ислом Республикаси биринчи вице-президенти И.Жаҳонгирий, Мўғулистон Бош вазири ўринбосари У.Eнхтувшин, фахрий меҳмон сифатида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, шунингдек, ҳамкор халқаро ташкилотлар вакиллари – БМТ ЭСКАТО ижрочи котиби ўринбосари Х.Хам, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари С.Иванов, АСEАН Бош котиби ўринбосари Р.Тене, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаши котибияти ижрочи директори Ҳ.Мирзозода, Евросиё иқтисодий комиссияси раиси Т.Саркисян, БМТ ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили В.Рахманин қатнашди.

ШҲТнинг халқаро майдондаги мавқеи йил сайин ортиб, ташкилотга аъзо бўлиш истагини билдирган давлатлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Ҳиндистон ва Покистоннинг 2017 йилда ташкилот аъзолигига қабул қилиниши ШҲТ доирасида очиқлик тамойили устувор аҳамият касб этишидан далолат.