Ҳиндистон шимолидаги ҳавонинг ифлосланиш даражаси «чидаб бўлмас даражага етди». Бу ҳақда пойтахт Деҳли бош вазири Арвинд Кежривал твиттер саҳифасида маълум қилди.

BBC хабарига кўра, Деҳлининг кўплаб туманларида якшанба куни ҳавонинг сифати «хавфли» даражага келиб қолган. Бу эса нафас йўллари касалликларига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳукумат аҳолини уйдан чиқмасликка чақирмоқда. Шаҳарни қалин смог қоплаган, мактаблар ёпилган, 30дан ортиқ парвозлар бошқа шаҳарларга йўналтирилган, қурилиш ишлари тўхтатилган.

Деҳли соғлиқни сақлаш вазири Сатьендар Жаин пойтахт аҳолисига айниқса эрталаб ва кечки вақтларда очиқ ҳаводаги жисмоний фаолликдан тийилишни маслаҳат берган.

Шунингдек, расмийлар одамларга ниқоб тақиш, ҳаво ифлосланиш даражаси юқори ҳудудларга бормаслик, эшик ва деразаларни очиқ қолдирмасликни тавсия этишяпти.

Ҳаводаги хавфли зарралар миқдори (PM2,5) меъёрдан анча баланд. Жумладан, Хитой пойтахти Пекин билан солиштирганда 7 баробар юқори кўрсаткич қайд этилган.

Ҳиндистон соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси ҳавонинг ифлосланиш даражасини ўлчовчи асбоблар максимум рақамни кўрсатаётгани, бу орқали ҳақиқий ҳолатни билиб бўлмаётганини маълум қилди. Варун Жҳавери буни «фалокат» деб баҳолаган.