Ўзбекистонда ёнғин ўчириш амалий спортини ривожлантириш ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида жисмоний тарбия ва спортни такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади.
Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, ёнғин ўчириш амалий спортининг моддий-техник базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш бўйича Комплекс дастур ҳамда замонавий спорт мажмуаларини 2020-2022 йилларда янгидан қуриш ва реконструкция қилиш бўйича Комплекс дастур тасдиқланади.
Комплекс дастурни амалга ошириш доирасида устувор йўналишлар ва вазифалар этиб қуйидагилар белгиланади:
ёнғин-қутқарувчиларнинг жисмоний ва касбий маҳоратини ошириш;
касбий спорт тури фаолиятини такомиллаштириш орқали ёнғин-қутқарувчи касбини ёшлар орасида оммалаштириш;
ёнғин ўчириш амалий спортининг моддий-техник ва ўқув-машғулот базасини ривожлантириш;
илғор жаҳон тажрибаси асосида ёнғин ўчириш амалий спортини ривожлантириш учун замонавий спорт иншоотларини барпо этиш, мавжуд спорт иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда замонавий спорт техникалари ва анжомлари билан таъминлаш.
Комплекс дастурларни, шунингдек, келгусида ёнғин ўчириш амалий спортини ривожлантиришни молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланади:
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг асосли ҳисоб китобига мувофиқ ҳар йили Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган бюджет маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;
Халқаро молия институтлари, хорижий молия ташкилотларининг вакиллари ҳамда донор мамлакатларнинг кредит ва грантлари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини яратишга кўмаклашиш мақсадида дастурга киритилган спорт мажмуаларини қуриш ва реконструкция ишлари якунига етганидан сўнг, вазирликнинг тасдиқланган ҳисоб-китоблари бўйича бошқа вазирлик ва идораларга шартнома асосида ҳамда фуқароларга нақд пул ҳисобида фойдаланиш учун бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.
Андижон, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда спорт-соғломлаштириш комплексларини қуриш учун ер участкалари ажратади.















