Ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бу «буханка» нон нархининг ошиши мавзуси бўлмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра нон нархи 1500 сўм атрофида бўлиши билдирилганди. Лекин тахминлар ўзини оқламади ва «буханка» баҳоси яна кўтарила бошлади. Бунинг сабабларини ўрганиш мақсадида соҳа мутахассислари билан суҳбат қилдик.

Суҳбатдошларимиз Молия вазирлиги агросаноат мажмуаси молияси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни молиялаштириш бошқармаси бошлиғи Тўлқин Мирзаев ва Давлат статистика қўмитаси нархлар статитистикаси бошқармаси бошлиғи Мухтор Умаров бўлишди.

«Нон ишлаб чиқарувчилар ҳали тўла қувват билан ишламаяпти». Мутахассислар нарх билан боғлиқ вазиятга изоҳ беришди

– Фикрингизча, буханка нон нархи қандай кўрсаткичларгача ошиб боради? Бу борада бирор прогноз борми?

Тўлқин Мирзаев: – Ҳозирги ошишларга ҳам фундаментал асослар йўқ эди. Яъни биз биржаларга унни захираси билан чиқаряпмиз, баҳода кескин кўтарилиш йўқ, ишлаб чиқарувчилар фаолиятини йўлга қўйишлари учун ҳам барча чораларни кўрганмиз. Қолипли нон баҳоси яқин келажакда ошишига сабаб кўрмаяпман.

Мухтор Умаров: – Гарчи прогнозлаш ваколатимизга кирмаса-да, асосий ишимиз нархларни ўрганишдан иборат бўлса-да, юқоридаги фикрни қўллаб-қувватлайман. Чунки нархлар динамикасига эътибор берсак, маълум муддатли ўсиш барқарорлашиш билан алмашмоқда. Энди яна ошишга асос йўқ.

– Нон тайёрлаш занжирида фақат ун ҚҚС билан қолиб кетган. Сабаби, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан нон нархини сақлаш мақсадида дон етказиб берувчилар ҚҚСдан озод қилинди. Аммо ун савдосида ҚҚС ҳисоблангани сабабли баҳоси ошяпти. Ун асосий маҳсулотлардан бўлгани учун уни ҳам ҚҚСдан озод қилиш режаси борми?

Тўлқин Мирзаев: – Нон ва буғдойда ҚҚС қўлланмагани сабаби ҳам ижтимоий ҳимояга бориб тақаларди. Нон ва ун маҳсулотлари нархлар эркинлаштирилганидан кейин ушбу маҳсулотларни ҚҚСга тортиш тизими ўзгаргани йўқ. Бир килограмм ун маҳсулотининг жорий йил 15 октябргача амалда бўлган нархида ҚҚС 67,7 сўмни ёки бор йўғи 4,8 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир бу солиқ бир килограмм ҳисобига ўртача 56 сўмга тўғри келмоқда ёки нархнинг 2,4 фоизини ташкил этмоқда. Демак, бу занжирда фақат унда ҚҚС сақланиб қолгани фақат рамзий характерга эга, яъни нон нархида катта роль ўйнамайди.