Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё жаҳон иқтисодиётида қандай қилиб муносиб ўрин эгаллаши мумкинлигини тушунтирди
Мувофиқлаштирилган сиёсат механизмларини яратиш ва хорижий бозорларни эгаллаш Марказий Осиё мамлакатлари учун иқтисодий ўсишнинг янги имкониятларини очади. Шу тариқа минтақа жаҳон иқтисодиётида муносиб ўринни эгаллаши мумкин, дейилади Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентда бўлиб ўтаётган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурининг (МОМИҲ) вазирлар даражасидаги конференцияси иштирокчиларига йўллаган мурожаатида.
Мурожаат давлат раҳбарининг маслаҳатчиси Равшан Ғуломов томонидан ўқиб эшиттирилди.
Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, минтақа ўзининг геосиёсий жойлашуви, бой табиий хом-ашё, ишлаб чиқариш ва инсон ресурслари, шунингдек, транзит салоҳияти сабабли хорижий инвесторлар учун тобора жозибадор бўлиб бормоқда:
“Ушбу аниқ афзалликлардан самарали фойдаланиш, иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, мувофиқлаштирилган сиёсатнинг янги механизмларини яратиш ва хорижий бозорларни эгаллаш мамлакатларимизнинг иқтисодий ўсиши учун янги имкониятларни яратади, - дейилади табрик нутқида. – Шу тариқа минтақамиз жаҳон иқтисодиёти ва глобал транспорт инфратузилмасида ўзининг муносиб ўрнини эгаллашига эришамиз”.
Бу борада мамлакатлар олдида Марказий Осиёни Европа, Тинч океани минтақаси ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан бирлаштирувчи янги транспорт йўлакларини диверсификациялаш ва шакллантириш, замонавий логистика марказларини яратиш вазифаси турибди, дея қайд этди Ўзбекистон Республикаси раҳбари.
“Буларнинг бари халқаро инвесторлар томонидан Марказий Осиёга яхлит, истиқболга эга бозор сифатида қараш учун шароитлар яратади”, - дея таъкидлади у.
Давлат раҳбари ўтган йиллар мобайнида МОМИҲ таъсирчан ёндашувлар ва муҳим масалалар бўйича ечимларни ишлаб чиқишнинг самарали платформасига айланганини мамнуният билан қайд этди.
“МОМИҲ дастури ривожланишнинг улкан салоҳияти ва катта сиғимга бой минтақа иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш борасидаги ўз фаолиятини янада кенгайтириши ва шу тариқа минтақавий алоқаларнинг чуқурлашишига ҳисса қўшишига ишонамиз”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
20:47 / 12.11.2024
“Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз” — Шавкат Мирзиёев
20:26 / 12.11.2024
Мирзиёев: Европага “яшил” энергия етказиш бўйича кўп томонлама битим имзолаймиз
17:29 / 12.11.2024
Мирзиёев БМТ миқёсида Дарё экотизимларининг бутунлиги декларациясини тузишга чақирди
23:45 / 11.11.2024