Ўзбекистон | 13:00 / 17.11.2019
19937
3 дақиқада ўқилади

Журналистлар ижодий уюшмаси: шаҳар ҳокими инсонийликка тўғри келмайдиган сўзларни билдирган

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ижтимоий тармоқларда тарқалган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларни йўқ қилиш таҳдиди акс этган аудиоёзув бўйича муносабат билдирди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

“Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли аудио ва матнли ахборот кенг тарқалди. Агар унга ишониладиган бўлса, шаҳар ҳокими сўз эркинлиги ва журналистлар шаънига нисбатан, нафақат эгаллаб турган лавозимига, балки умуман инсонийликка тўғри келмайдиган сўзларни билдирган.

Журналистларимиз Уюшма томонидан “Телеграмм” каналида очилган “Ўзбекистон Журналистлари гуруҳи” саҳифасида ҳам ижтимоий тармоқларда Ж. Ортиқхўжаевга тегишли ана шу аудио ва матнли ахборот пайдо бўлган пайтдан бошлаб бундай муносабат маданиятсизлик экани ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

Қўшимча қилиб шуни алоҳида таъкидлаймизки, Журналистлар уюшмаси тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу ҳолат юзасидан ўзларининг адолатли хулосаларини билдиришлари зарур, деб ҳисоблайди. Инсон шаъни, жумладан журналист шаъни ва ҳақ-ҳуқуқи ҳимояси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган ва унинг ҳар қандай бузилишлари қонуний баҳоланиши лозим”, дейилади Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси баёнотида.

16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларни йўқ қилиш таҳдиди акс этган аудиоёзуви тарқалди.

«Адолат» социал-демократик партияси биринчилардан бўлиб ушбу аудиоёзувга муносабат билдирди ва бу ҳолатни инсон ҳуқуқлари ва унинг шаъни, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқларининг бузилиши деб ҳисоблаб, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасидан ушбу ҳолат юзасидан ҳимоявий чора кўрилишини сўради.

Халқ демократик партияси эса Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга таҳдидини халқ ва давлатга ҳурматсизлик деб баҳолади.

Кейинроқ АОКА аудиоёзув бўйича ўрганиш олиб борилаётгани ҳамда ўрганиш натижасида тегишли чоралар кўрилишини маълум қилди.

«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров фейсбукдаги саҳифасида кун мавзуси юзасидан муносабат билдириб, аудиоёзув ҳақиқийлиги исботланмагунча ушбу вазиятга изоҳ бериш нотўғрилигини айтиб ўтди.

Мавзуга оид