Бугун 7 декабрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Президент ўз нутқида Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқлигига урғу берди.
«Халқимиз қонун бузилишига қарши қаттиқ турмас экан, давлат идоралари, мансабдор шахслар қанчалик уринмасин, қонун устуворлигини таъминлаш қийин бўлади.
Бугун жамоатчилигимиз том маънода уйғонди, энди турли лавозимдаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларига одамларимиз бевосита баҳо бериб, ўз фикрини эркин ифода этишга ўрганмоқда.
Якунланаётган йилда Давлат бюджети илк бор кенг муҳокама этилиб, очиқлик ва ошкоралик руҳида қабул қилинди. Унда турли вазирлик ва идоралар ҳар бир сўмни нимага ва қандай харажат қилиши аниқ кўрсатиб берилди.
Фуқароларимиз ва депутатларимиз билдирган фикрлар асосида мактабларга мебель ва компьютерлар харид қилиш учун бюджет харажатларини қисқартириш ҳисобидан 50 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилди. Бундай ижобий ҳолат бизнинг тажрибамизда биринчи марта юз бераётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Ёки кўпчилигингиз хабардорсиз, кейинги пайтда жойларда дарахтларни оммавий равишда кесиш кучайиб кетган эди. Бу одамларнинг норозилигига сабаб бўлди. Шунинг учун яқинда дарахтларни сабабсиз кесишга қарши мораторий эълон қилинди. Бу ҳам жамоатчилик фикри қандай кучли таъсирга эга эканига мисол бўла олади.
Буларнинг бари одамларимизнинг ижтимоий жараёнларга нисбатан масъулият ва дахлдорлик ҳисси ошиб бораётганини кўрсатади.
Айни вақтда жамоатчилик назорати «бир томонлама восита»га айланиб қолмаслиги керак.
Давлат идоралари фақат фуқароларга эмас, балки ўзларига нисбатан танқидий фикрларни ҳам адолат билан, холис кўриб чиқишлари лозим. Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини ўзгартириш, қурилиш ва ободончиликка оид қарорлар, дастлаб ўша ҳудуддаги аҳоли ўртасида муҳокама қилиниб, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиши шарт.
Яна бир масалага диққатингизни жалб қилмоқчиман.
Конституцияга асосан судлар ўз фаолиятида мустақил, лекин уларнинг чинакам назоратчиси халқ бўлиши керак.
Судлар ва тергов идоралари бирон-бир иш юзасидан чиқарилган қарор бўйича фуқароларнинг жамоавий мурожаатларига тушунтириш ва ҳуқуқий изоҳлар бериши зарур.







