15:43 / 12.12.2019
0
28957

АҚШ нашри дунёдаги энг кучли флотларга эга давлатларни санаб ўтди

Фото: Wikipedia

АҚШнинг The National Interest журнали энг кучли флотларга эга давлатларни санаб ўтди. 

Рейтинг муаллифларининг талқинича, энг кучли флотлар рейтингининг энг юқори поғонасини АҚШ флоти эгалламоқда. Таъкидланишича, у энг кўп сондаги кемалар ва энг катта жавобгарлик ҳудудига эга. “Бирорта бошқа ҳарбий-денгиз флоти АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари каби бундай катта қамровга эга эмас. Бу флот Тинч, Атлантика ва Ҳинд океанларида, Ўрта ер денгизи, Форс кўрфази ва Африка шохида мунтазам фаолият олиб боради”, дейилган мақолада.   

Журналистларнинг таъкидлашича, АҚШ флоти 288 та жанговар кема, жумладан 10 та авиаташувчи кема, 9 та десант кемаси, 22 та крейсер, 62 та эсминец, 17 та фрегат ва 72 та сув ости кемасига эга.

2-ўринни Хитой флоти эгаллаган. Таъкидланишича, ушбу флот охирги 25 йил ичида катта йўлни босиб ўтиб, ҳозирда битта авиаташувчи кема, 25 та эсминец, 42 та фрегат, 3 та десант кемаси, 8 та ядро қуроли таший оладиган ва 50 тага яқин ноядровий қуролга эга сув ости кемасидан иборат. 

The National Interest талқинича, Россия флоти кучлилиги бўйича 3-ўринда туради. Мақолада таъкидланишича, Россия ҳарбий-денгиз кучлари собиқ иттифоқ кемаларининг катта қисмини мерос қилиб олган, бироқ қуролланишга мунтазам равишда янги техника келмоқда. Журналистларнинг ҳисоб-китобига кўра, Россия флотида 79 та жанговар кема, жумладан битта авиаташувчи кема, 13 та эсминец, 5 та крейсер ва 52 та сув ости кемаси ҳамда бир неча ўнлаб десант кемаси бор. 

4-ўринни Британия қироллик ҳарбий-денгиз флоти эгаллаган. Унда 19 фрегат ва эсминец, 3 та йирик десант кемаси, қанотли ракета ва торпедоларга эга 7 та сув ости кемаси, баллистик ракетали 4 та атом сув ости кемаси бор. Ушбу флот тез орада 2 та авиаташувчи кемани қуролланишга олиб, ўз имкониятларини янада кучайтириши мумкин.

Бешталикнинг сўнгги ўрнини Япония флоти 114 та кема билан эгаллаган. Унда 46 та эсминец, 16 та сув кемаси ва бошқа турдаги жанговар кемалар бор. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top