Жаҳон | 07:27
7609
4 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг кучли ҳарбий флотлар: 2026 йил рейтинги

Савдо йўлларини қўриқлашдан тортиб, жаҳон океанларида куч намойишигача — денгиз қудрати глобал ҳарбий салоҳиятнинг энг яққол кўрсаткичларидан бири бўлиб қолмоқда.

Фото: John C. Stennis

2026 йилги Жаҳон флоти индексига кўра, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари дунёдаги энг қобилиятли ҳарбий-денгиз кучи бўлиб қолмоқда, гарчи Хитой кема сони бўйича энг йирик флотга эга бўлса ҳам.

Индекс денгиз қудратини 0 дан 100 гача бўлган шкала асосида баҳолайди ва бунда фақат кемалар сони эмас, балки флотнинг умумий жанговар салоҳияти ҳам ҳисобга олинади. Ҳисоб-китобда флот таркиби, илғор технологиялар ва жанговар операциялардаги самарадорлик каби кўрсаткичлар инобатга олинади.

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари 100 балл билан биринчи ўринни эгаллаган бўлиб, бу уларнинг бир вақтнинг ўзида бир неча океан ареналарида ҳаракат қила олиш қобилиятини акс эттиради. Америка флоти сон жиҳатидан энг катта бўлмаса-да, у авиаташувчилар, ядровий сувости кемалари ва замонавий эсминецларни ўзида мужассам этгани учун бутун дунё бўйлаб куч намойиш этиш имконига эга.

2026 йилда Америка флоти таркибида 20 та йирик кема ва 146 та асосий жанговар бирлик мавжуд эди. Узоқ масофали ракеталар ва мураккаб кузатув тизимлари билан қўллаб-қувватланувчи авиаташувчи зарба гуруҳлари АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларига шундай оператив қамров даражасини берадики, бунга бошқа ҳеч бир денгиз кучи тенглаша олмайди.

Хитой Халқ Республикаси Ҳарбий-денгиз кучлари умумий жанговар қудрат бўйича 94 балл билан иккинчи ўринни эгаллайди, шу билан бирга у кема сони бўйича дунёдаги энг катта флот сифатида ажралиб туради.

Хитой флоти 157 та асосий жанговар бирлик ва жами 1000 дан ортиқ кемани ўз ичига олади, бу эса сўнгги йигирма йилда амалга оширилган кенг кўламли кема қуриш дастури натижасидир.

Пекин замонавий эсминецлар, сувости кемалари ва авиаташувчиларга фаол сармоя киритди. Бу савдо денгиз йўлларини ҳимоя қилиш ва Жанубий Хитой денгизи ҳамда кенгроқ Ҳинд-Тинч океани минтақасида таъсирни кучайтириш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.

Россия 75 балл билан учинчи ўринни эгаллайди. Россия флоти 79 та асосий жанговар кемага эга бўлиб, уларни катта сувости компоненти қўллаб-қувватлайди.

Россия, айниқса, ядровий сувости кемалари ва ракета тизимлари соҳасида салмоқли имкониятларни сақлаб қолмоқда. Москва денгиз стратегиясини Арктика, Шимолий Атлантика ва Қора денгиз каби ҳудудларга қаратишда давом этмоқда, чунки у ерларда у стратегик таъсирини сақлаб турибди.

КХДР флоти 72 балл билан тўртинчи ўринни эгаллайди, асосан бу кема сони кўплиги ҳисобига таъминланган. КХДР Ҳарбий-денгиз кучлари тахминан 385 та кемани, жумладан 75 та асосий жанговар бирликни ўз ичига олади, гарчи уларда йирик флагман кемалар бўлмаса ҳам.

Жанговар бирликларнинг катта қисми патрул кемалари, сувости кемалари ва қирғоқ мудофаа воситаларидан иборат бўлиб, улар узоқ масофага куч намойиш қилиш эмас, балки минтақавий операциялар учун мўлжалланган.

Ҳинд-Тинч океани минтақасида стратегик рақобат кескинлашаётган бир пайтда, бир нечта Осиё давлатлари ўз денгиз кучларини кучайтирмоқда.

Япония 60 балл билан бешинчи ўринни эгаллайди. Япония флоти 75 та кемадан иборат бўлиб, унда замонавий эсминецлар, ракетага қарши мудофаа тизимлари ва сувости операцияларига кучли урғу берилган. Япониянинг денгиз стратегияси асосий денгиз йўлларини ҳимоя қилиш ва Шарқий Осиёда барқарорликни сақлашга қаратилган.

Ҳиндистон 51 балл билан олтинчи ўринда бормоқда. Унинг таркибида иккита йирик кема, 41 та асосий жанговар бирлик ва жами тахминан 290 та кема мавжуд. Ҳиндистон жаҳон денгиз ташувларининг катта қисми ўтадиган Ҳинд океани хавфсизлигини таъминлаш учун ўз денгиз имкониятларини босқичма-босқич кенгайтирмоқда.

Рейтингга, шунингдек, Жанубий Корея, Туркия, Индонезия ва Финландия ҳам киритилган бўлиб, уларнинг флотлари асосан минтақавий мудофаа ва денгиз хавфсизлигига йўналтирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид