Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари учун ўтказиладиган сайловлар яқинлашмоқда. Сайловларда 20 миллиондан зиёд сайловчилар иштирок этиши кутилмоқда. Сайловчиларнинг 2 миллиондан кўпроғини илк бор овоз берувчи ёшлар ташкил этади.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ушбу сайловларда фуқароларни фаол иштирок этишга чорлаш мақсадида «Янги Ўзбекистон - янги сайловлар» миллий акциясини ўтказиш ташаббусини билдирди. Ушбу ғоя Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, «Ўзбеккино» миллий агентлиги, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси, маҳаллий ҳокимликлар, Халқаро матбуот маркази, сиёсий партиялар ва бошқа қатор жамоат ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланди.
14 декабрь куни соат 14:00дан бошлаб бир вақтнинг ўзида республика бўйлаб марказий майдон ва хиёбонларда оммавий тадбирларга старт берилади. Унда сайловга тайёргарлик жараёнлари ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида фойдали маълумотлар тақдим этилади, шунингдек, санъаткорлар, ҳурматга сазовор инсонлар, спортчилар билан учрашувлар, мусиқий дастурлар ва турли викториналар ўтказилади. Сайловлар ҳақида барча маълумотлар содда ва тушунарли тилда аҳолига етказилади.
Бу йилги сайловлар янги Сайлов кодексига мувофиқ юқори савияда ташкил этилмоқда. Бу эса Ҳаракатлар стратегиясида акс эттирилган прогрессив демократик ғояларнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлмоқда. Кўп партиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар хилма-хиллиги, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари жамият ҳаётида тобора кенг жорий этилмоқда.
Ўзбекистондаги сайлов жараёнлари нафақат мамлакат ҳудудида, балки халқаро майдонда ҳам катта қизиқишга сабаб бўлмоқда. МСК маълумотларига кўра, бугунги кунга қадар сиёсий партияларнинг 50 мингга яқин ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг 10 мингдан ортиқ кузатувчилари, номзодларнинг 80 мингга яқин ишончли вакиллари, шунингдек маҳаллий нашрларнинг 777 нафар вакили рўйхатга олинган.
ЕХҲТ ДИИҲБ, ЕХҲТ ПА, ШҲТ ва МДҲ каби халқаро ташкилотларнинг миссиялари сайловларни бевосита кузатиб боради. Бундан ташқари, 54та хорижий давлатдан 350 нафар кузатувчи ташрифи кутилмоқда.














