Ўзбекистон | 09:01 / 14.12.2019
39391
3 дақиқада ўқилади

Мусулмон батальонларида хизмат қилган ўзбекистонликларга ҳозиргача «Афғон уруши қатнашчиси» мақоми берилмаган – вазир ўринбосари

Фото: ИТАР-ТАСС

13 январь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида ўтказилган мажлисда мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Ҳамдам Қаршиев Афғон урушининг дастлабки даврида ташкил этилган мусулмон батальонларида хизмат қилган ва орден-медаллар билан тақдирланган ўзбекистонликларга ҳозиргача “Афғон уруши қатнашчиси” берилмагани, мазкур мақомдагиларга тақдим этилган имтиёзлар уларга татбиқ этилмай келинаётганини маълум қилди.

“Афғон уришидан олдин мусулмонлар батальонлари тузилган экан, уруш бошланишигача Афғонистон ҳудудига юборилган экан. Ушбу батальонда хизмат қилганларнинг кўпчилиги совет иттифоқининг орден-медалларини олишган. Лекин ҳозиргача уларга “Афғон уриши қатнашчиси” берилмаган. Ҳозир шу бўйича таклифлар берганмиз, бизга мазкур масала бўйича жуда кўпчилик мурожаат қиляпти”, дея Ҳамдам Қаршиевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев иккинчи жаҳон урушида асирга тушган ўзбекистонликлар масаласига ҳам тўхталиб, улар узоқ йиллардан буён “уруш қатнашчиси” мақомини ололмай яшаб келганини айтди.

“Уруш бошланганда асирга тушганлар кўп бўлган. Ўзбекистонликлар орасида ҳам асирга тушганлар бўлган. Асирликдан қутилиб юртга қайтганлар шу пайтгача уруш қатнашчиси деган мақомсиз яшаб келган. Мудофаа вазирлиги билан бу бўйича ҳамма ишни қилдик, ҳаммасининг тагига етиб, сонигача аниқладик. Уларнинг ичида ҳали ҳаётлари бор экан 800тача. Уларда нима айб? Уларга ҳам уруш қатнашчиларига бериладиган имтиёзларни бериш керак-ку!”, деб айтган Фаррух Дадахўжаев.

Тадбирда бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарорига аллақачон ўзгартириш киритилиб, 1941–1945 йилларда фашист концлагерларида қолган асирлар уруш қатнашчиларига тенглаштирилгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, мусулмон батальонлари СССР Қуролли Кучлари Бош штабининг Бош разведка бошқармаси топшириғига кўра совет қўшинларининг Афғонистонга киришига тайёргарлик жараёнида, шунингдек, афғон урушининг дастлабки даврида Марказий Осиё халқларидан тузилган махсус кучларнинг шартли номи ҳисобланади.

Мавзуга оид