2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага кенг кўламли босқин бошлади. Россия армиясининг Украинага бостириб кирганини уруш эмас, «Украина халқини мамлакатни эгаллаб олган миллатчилардан қутқариш учун бошланган махсус операция» деб атади. Уруш бошланганига 8 ой бўлган эса-да, Россияда бу уруш ҳануз махсус операция деб аталмоқда.

Тарихга назар ташланса, Чор Россия империяси вориси сифатида ташкил этилган СССР ҳам бир неча босқинчилик урушларини моҳиятан бошқача атаб, барчани чалғитишга уринганини кўриш мумкин. Шунингдек, Россия 2008 йил августида Грузияга бостириб кирганини «Ватандошлар ҳимояси учун» деб талқин қилган эди.

1939 йилда СССРнинг Польшага бостириб кириши (1939 йил 17 сентябр)

Брестда совет танклари ва немис мотоўқчилари, 1939 йил 1 октябр. Фото: Getty

1939 йил 23 августда Москва шаҳрида нацистлар Германияси ва совет иттифоқи ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик бўйича шартнома имзоланади. Бу шартнома ҳар икки давлат ташқи ишлар вазирлари Вячеслав Молотов ва Иоахим фон Риббентроп томонидан имзолангани учун у «Молотов-Риббентроп пакти» деб номланади.

Молотов ва Риббентропнинг шу учрашувида фашистлар Германияси ва СССР томонидан Шарқий Европа давлатларини биргаликда босиб олиб, ўзаро тақсимлаш масалалари ҳам яширинча келишиб олинади.

Келишувга кўра, СССР Болтиқ денгизи бўйида жойлашган Латвия, Литва, Эстонияни тўлиқ, Финландия, Польша, Чехословакия ва Руминиянинг бир қисмини олиши, қолган ҳудудларга Германия эгалик қилиши керак эди.

Совет иттифоқи фашистлар Германияси билан тузилган бу келишув тафсилотларини узоқ йиллар давомида барчадан яшириб келади. СССР парчаланиб кетгач, келишувнинг асли оммага ошкор бўлади.

Шартнома имзоланганидан 1 ҳафта ўтиб, 1939 йил 1 сентябр куни Германия армияси Польшага бостириб киради ва бу давлатнинг асосий қисмини босиб олади. Орадан 17 кун ўтиб, 1939 йил 17 сентябр куни Польшага шарқдан совет армияси ҳужум бошлайди.

1939 йил 28 сентябр куни нацистлар армияси Варшавани эгаллайди. Шу куни Москвада СССР ва Германия ўртасидаги чегара ва дўстлик шартномаси имзоланади. Шартномада томонлар Польшани қандай тарзда бўлиб олишни келишиб олишади. 6 октябр куни Польша армияси батамом таслим бўлади.

СССР Польшадан босиб олинган ҳудуднинг бир қисмини Украинага, яна бир қисмини Беларусга қўшиб беради. Яна бир қисми эса ўша пайтда ҳали мустақил давлат бўлган Литвага тортиқ қилинади.