Фан-техника | 15:37 / 14.12.2019
13170
3 дақиқада ўқилади

Porsche Ҳиндистонда «мақтанчоқ миллионерлар» учун электрокарлар сотишни бошлайди

Porsche Taycan Turbo S /Фото: Porsche

Германиянинг Porsche автомобиль ишлаб чиқарувчиси 2020 йилда Ҳиндистонда Taycan электрокарлари сотувини бошлайди. Компания спорт машиналарини яхши кўрадиган ва атроф-муҳитга зарар етказишни истамайдиган мамлакатнинг бой фуқароларига ишонмоқда.

Porsche Ҳиндистонда келгуси йил учун мўлжалланган Taycan электрокарлари сотувини бошлашга тайёрланмоқда. Маҳаллий божлар туфайли ушбу бозорда ҳашаматли машиналар Европага қараганда қарийб 2,5 баравар қиммат туради, немис компанияси электромобиль билан мақтаниш мақсадида 370 минг доллар сарфлашга тайёр бўлган бадавлат ҳиндистонликларга таянмоқчи, деб ёзади Bloomberg.

Porsche компаниясининг Ҳиндистондаги бўлинмаси директори Паван Шеттининг сўзларига кўра, Tesla раҳбари Илон Маскни (миллиардерларнинг глобал рейтингида 40-ўрин; бойлиги - 22,3 млрд доллар) ушбу бозорни ўзлаштиришда айнан юқори божлар тўхтатиб турибди. Аввалроқ, Маск Ҳиндистондаги юқори божлар Tesla электрокарларини жуда қиммат нархга олиб чиқиб қўйиши мумкинлигини айтганди. Шунингдек, унинг таъкидлашича, ушбу бозорга қизиқиши бор, аммо ҳозирча ҳеч қандай ҳаракатлар режаси йўқ. Шеттининг фикрича, бу Ҳиндистоннинг эмас, балки Маскнинг муаммосидир. 

«Сиз мамлакат қонунларини ўзгартира олмайсиз. Савол шундан иборатки, сиз бизнес билан шуғулланишни хоҳлайсизми ёки хоҳламайсизми. Мен бизнес билан шуғулланишни истайман», - дея қайд этиб ўтди у.

Шетти Taycan сотувларининг бошланиши спорт машиналарини яхши кўрадиган ва шу билан бирга, атроф-муҳит ҳақида қайғурадиган «мижозларнинг мутлақо янги сегментини» жалб қилишга ёрдам беришини қўшимча қилди. 

«Биз ҳаммамиз масъулиятли бўлишни хоҳлаймиз, аммо бу бойлар орасида кўпроқ учрайди, сабаби уларда танлов ва ресурслар мавжуд», - деди Шети.

Capgemini консалтинг компаниясининг ўтган йилги ҳисоботига кўра, 2017 йилда Ҳиндистонда миллионерлар сони Осиёнинг бошқа мамлакатларига қараганда тезроқ ўсган. Бироқ, ўша вақтдан бери мамлакат иқтисодиёти ўсиши секинлашди, бу турли соҳаларга, шу жумладан кетма-кет 13 ойдан бери пасайиб борган автомобиллар савдосига таъсир кўрсатди. 

Мавзуга оид