Ўзбекистон | 11:43 / 19.12.2019
14272
2 дақиқада ўқилади

МТРКга давлат бюджетидан 420 млрд сўмдан кўпроқ маблағ ажратилганига изоҳ берилди

Фото: mtrk.uz

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг «Зарафшон» зали Media hall’ида «Янги Ўзбекистон - янги сайловлар» мунозара клубининг навбатдаги тадбири бўлиб ўтмоқда.

«Ўзбекистонда кенг кўламли ўзгаришлар шароитида фуқаролик жамиятининг ривожланиши» мавзусидаги тадбирда Президент халқ қабулхоналари - ҳокимият ва халқ ўртасидаги мулоқот воситаси экани, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари, ОАВ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни аниқлаш ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда ОАВ роли, сўз эркинлигини таъминлаш кафолати омили сифатида блогосферани ривожлантириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилмоқда.

Тадбирда масъул шахсларга давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳақида савол берилди. Хусусан, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига 2020 йилда давлат бюджетидан 420 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ажратилганига изоҳ сўралди.

«МТРКга ажратилган маблағ биз билан келишилган ҳолда бўлмайди. Буни Молия вазирлиги билан МТРКнинг ўзи ҳал қилади. Албатта, 400 млрд сўм жуда кўп маблағ. МТРКга бунча маблағ нега ажратилаётгани менга ҳам қизиқ бўлди. Биз жамоатчилик назорати, очиқлик ҳақида гапиряпмиз. Маблағлар нимага сарфланганини назорат қилиб туриш лозим», - дейди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев бунга изоҳ берди. 

«Маълумки, ўтган йилдан бошлаб телевидение кўрсатувларини эфирга узатишда рақамли технологияга ўтилди. Телевидениеда ажратилаётган бу пулларнинг катта қисми радиосигналларни узатиш марказига ўтказилади. Бу телеканалларнинг ўзига эмас, айнан МТРКга рақамли форматда эфирга узатиш учун», - дейди Илҳом Абдуллаев.

Мавзуга оид